Мамлакатимизда бизнесни ривожлантиришга кенг имкониятлар яратиш, етакчи хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг “Европа давлатларига амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган “йўл хариталари”нинг ижро этилиши ҳолати тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Йиғилишда Президентимизнинг 2022-2024 йиллар давомида Европа давлатларига, хусусан, Венгрия, Франция, Германия ва Италияга ташрифлари доирасида эришилган келишувлар, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича қабул қилинган “йўл хариталари”нинг ижро этилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Ахборотда келтирилганидек, Германия Федератив Республикаси билан 26,1 млрд. евролик келишувлар доирасида 160 та битим тасдиқланган. Венгрия Республикаси билан 671,8 млн. евролик келишувлар доирасида 21 та, Франция Республикаси билан эса 5,8 млрд.евролик келишувларга эришилган ва унинг доирасида 39 та битим тасдиқланган. Италия билан 7 млрд. евролик келишувларга эришилиб, унинг доирасида 47 та битим тасдиқланган.

Бугунги кунда вазирлик томонидан тўртда давлат билан эришилган келишув ва имзоланган битимларнинг ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш, уларни мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш бўйича тегишли чоралар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу стратегик давлатлар билан ҳамкорликда савдо-иқтисодий ва инвестциявий соҳадаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича мутасаддилар томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Йиғилишда «Йўл хариталари»даги вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишида айрим сабабларга кўра кечикиш ёки ижроси таъминланмаганлик ҳолатлари билан боғлиқ камчиликлар кузатилаётгани айтилди. Соҳада мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур таклиф ва тавсиялар берилди.

М.Комилова, ЎзА