Элликқалъа туманидаги Мотамсаро она ҳайкали ҳар қачонгидан гавжум. Бу ерда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Секторлар раҳбарлари, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари, корхона ва ташкилотлар мутасаддилари, таълим муассасалари ва ёшлар жамоалари ҳарбий оркестр садолари остида хиёбонда жойлашган Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди. Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган минглаб ҳамюртларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирилди, ўтганлар хотираси ёд этилди.

Тадбирда туман ҳокими В.Ниязимбетов барчани байрам билан табриклади. Шунингдек, бугунги тинч ва осуда кунлар учун жон фидо қилган юртдошларимиз фахримиз эканлигини, “Хотира абадий, қадр муқаддас” шиори остида ўтказилаётган ушбу байрам тадбирлари, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишларнинг мазмун-моҳияти юксак инсонийлик тамойилларини ўзида мужассам этаётганлигини таъкидлади.

Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги осмонимиз мусаффо ва тинчлик ҳукмрон ҳаётимизга шукроналар айтди. Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик тараққиёт гаровидир.

Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирлар Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири