Мамлакатимиз бўйлаб жадаллик билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар натижадорлиги яшилликка эришиш борасида кўзлаган мақсадларимизга эришишда муҳим. Шу боис ҳам Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари лойиҳа доирасида ўтқазилган кўчат ва буталарнинг ҳолатини ўрганиб боришмоқда.

Олий Мажлис Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ҳамда экология қўмитаси раиси ўринбосари Б.Матмуратов ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши вакиллари иштирокида ана шундай ўрганишлар олиб борилди.

Ўрганишлар давомида Сергели тумани “Хонтепа” маҳалла фуқаролар йиғини яқинида ярим гектар майдонда ташкил қилинган “Адиблар боғи” кўздан кечирилди. Ушбу боғ агротехник талабларга мос келмаслиги, суғориш тизими йўқлиги ҳамда дарахтлар ўз вақтида экилмагани боис уларнинг кўп қисми яшовчанлиги паст ҳолатга келгани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли мутасаддиларга зудлик билан дарахтларни асраб қолиш чораларини кўриш юзасидан тавсиялар берилди.

Таъкидлаш жоизки, ерга кўчат қадаб, боғ яратиш каби ота-боболаримиздан мерос эзгу амалларни хўжакўрсинга эмас, чин кўнгилдан амалга ошириш ўз соғлигимизга фойда. Қолаверса, келажак авлодларга мусаффо табиатни асраб-авайлаб етказишга хизмат қилади.

М.Комилова, ЎзА