Шаҳрисабз шаҳридаги Маданият саройида “Bo‘zatov Fest” ёшлар овози кўрик- танлови бўлиб ўтди. Унда танловнинг қуйи босқичларида 4 та – бахшичилик, анъанавий ижро, опера ва эстрада йўналишлари бўйича ғолибликни қўлга киритган 160 нафар ёш иштирок этди.

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, шу билан бирга ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, миллий ғурур ва ифтихор, бағрикенглик, бунёдкорлик, меҳр-оқибат ғоялари руҳида тарбиялаш, бахшичилик, анъанавий ижро, опера, эстрада йўналишларида ижод қилаётган ёш истеъдодларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, катта саҳналарда ўз санъатини намойиш этиши учун кенг йўл очиб берилмоқда. Ёшлар ишлари агентлиги, Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда “Ёшлар овози продюсерлик маркази” МЧЖ билан ҳамкорликда ташкил этилаётган “Bo‘zatov Fest” ёшлар овози кўрик- танлови барча истеъдодли ёш ижодкорларни ўз атрофига жамлади.

Ёш ижодкорларнинг маҳоратини ошириш, миллий санъатимизни дунё саҳналарига олиб чиқиш, ҳаваскор ва профессионал ижодкорларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилаётган ушбу танловнинг вилоят босқичида иштирокчилар яна бир бор истеъдод ва қобилиятларини намоён этди.

Якуний натижаларга кўра, бахшичилик, анъанавий ижро, опера, эстрада йўналишида учта ёш тоифасида 12 нафар иштирокчи биринчи ўринга муносиб кўрилди ва танловнинг республика босқичида иштирок этиш имконини қўлга киритди.

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари