Пойтахтимиздаги “Hilton Tashkent City”  меҳмонхонасида Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон энергетика вазирларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Қозоғистон Республикаси энергетика вазири Алмасадам Саткалиев, Озарбайжон Республикаси энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов ва бошқалар “Ўзбекистон –Қозоғистон – Озарбайжон энергетика тизимларини ўзаро боғлаш лойиҳаси (“Яшил йўлак”)”нинг аҳамияти ва унинг келгусида амалий натижа касб этишини таъкидлади.

Учрашувда “Ўзбекистон – Қозоғистон – Озарбайжон энергетика тизимларини ўзаро боғлаш лойиҳаси (“Яшил йўлак”)” тақдим этилди. Унда томонлар Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика тармоқларини ўзаро боғлаш орқали минтақада ишлаб чиқарилган яшил энергияни Европага экспорт қилиш лойиҳасини дастлабки техник-иқтисодий асослантиришнинг техник шартларини тасдиқлаш, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ўрганиб чиқиш учун халқаро консультантларни ёллаш масалаларини кўриб чиқиш, лойиҳа юзасидан давлатлараро битим лойиҳасини тайёрлаш каби масалаларга эътибор қаратди.

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминовнинг маълумот беришича, ушбу лойиҳа ҳар томонлама яхши самара беради.

– Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон давлатлари ўртасида тарихий ҳужжатга имзо қўйилди. Лойиҳада Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларида қуёш ва шамол энергиясидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини Европага сотиш бўйича инфратузилмани амалга ошириш кўзда тутилган. Ўзбекистонда муқобил энергияни ишлаб чиқариш бўйича катта имкониятлар мавжуд. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек, Хоразм, Бухоро каби вилоятлар “яшил” энергия ишлаб чиқаришга мос ҳудудлардир. Шундан келиб чиқиб, келажакда асосий бозоримиз Европа бўлади, дейишимиз мумкин. Бунинг учун янги технологияларни қўллаган ҳолда инфратузилма яратиш кўзда тутилмоқда. Тадбирда Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон мамлакатлари биргаликда Каспий денгизи орқали Грузия ва Европага электр энергиясини экспорт қилиш масаласи кўриб чиқилди. Айни пайтда лойиҳани татбиқ этиш бўйича техник шартлар ишлаб чиқилган. Келажакда бу лойиҳа Марказий Осиё ва Европани боғловчи инфратузилмани ҳосил қилади – деди У. Мамадаминов.

Учрашув доирасида Озарбайжон Республикаси энергетика вазири ўринбосари Орхан Зейналов томонлар ўртасидаги ушбу ҳамкорлик ҳақида тўхталиб ўтди.

– Аввало, ушбу учрашувнинг аҳамиятини қайд этмоқчиман. Бу ўтган йилнинг ноябрь ойида Бокуда бўлиб ўтган учрашувнинг давоми бўлиб, у Озарбайжон, Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика вазирларининг иккинчи йиғилишидир. Бу лойиҳа Озарбайжон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ва келажакда учинчи давлатлар ва бошқа минтақалар энергетика тизимларини боғлаш бўйича бошқа лойиҳаларимизнинг мантиқий давомидир. Биз бу борада келишиб олдик ва вазирлар лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича техник топшириқларни тасдиқладилар.

Техник топшириқлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни назарда тутади ва шу ойда тузилган қўшма ишчи гуруҳ доирасида амалий қадамлар қўйилиши керак. Вазирлар қўшма ишчи гуруҳга маслаҳатчи ёрдамида техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш бўйича кенг ваколатлар берди. Ҳукуматлараро битим лойиҳаси устида ҳам иш бошланади. Ҳукуматлараро битим ушбу лойиҳанинг барча элементларини, жумладан, томонларнинг тижорат, молиявий ва бошқа мажбуриятларини, шунингдек, инфратузилмани ривожлантиришга оид бошқа масалаларни ўз ичига олади, –деди О.Зейналов.

Учрашув якунида томонлар ўртасида лойиҳани амалга ошириш юзасидан тегишли ҳужжатлар имзоланди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири