Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Иқтидорли ўқувчилар ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактабни аниқлаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ҳар йили Президент соврини учун хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб танлови мунтазам ўтказилиб келинмоқда.

Нукус шаҳрида бўлиб ўтган танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида шаҳар ва туманларда ғолиб бўлган жамоалар иштирок этди.

Танлов якунида  Хўжайли туманидаги 3-умумтаълим мактаби жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичига йўлланмани қўлга киритди. Иккинчи ўрин Кегейли туманидаги 55-умумтаълим мактабига, учинчи ўрин Нукус шаҳридаги 27-умумтаълим мактаби жамоасига насиб қилди.

Ғолибларни Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари муборакбод этиб, биринчи ўринга 250 миллион сўмлик, иккинчи ўринга 200 миллион сўмлик, учинчи ўринга 150 миллион сўмлик ваучер тантанали тарзда топширилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари