“Яшиллар” партиясидан 2024 йилги AҚШ президентлигига номзод Жилл Стейн Фаластин тарафдорлари норозилик намойишида ҳибсга олинди.

“Жилл Стейн, унинг сайлов кампанияси бўйича менежери Жейсон Кол ва сайлов кампанияси бўйича менежер ўринбосари Келли Меррилл-Кайер Вашингтон университетидаги талабалар намойиши вақтида ҳибсга олинди”, — дейилади Стейн аккаунтида эълон қилинган хабарда.

Чикаголик Стейн 73 ёшда. У Гарвард битирувчиси ҳисобланади. Президентлик кампанияси унга бегона эмас: 2012 ва 2016 йилларда у «Яшиллар» партиясининг юқори лавозимига ўз номзодини қўйган ва бунгача икки марта Массачусетс губернатори бўлишга уринган.

«Washington Post” нашрининг ёзишича, сўнгги 10 кун ичида Aмерика полицияси мамлакатнинг бир қатор йирик университетлари ҳудудида бўлиб ўтган Фаластинни қўллаб-қувватлаш намойишларида қатнашган 900 га яқин одамни ҳибсга олган.

Шу кунларда АҚШнинг нуфузли университетлари кампуслари Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларига қарши норозилик намойишлари марказига айланди. Фаоллар Қўшма Штатнинг Яқин Шарқдаги асосий иттифоқчисига кўрсатаётган ёрдамидан норози. Намойишлар Вашингтон Исроилга янги ёрдам пакетини маъқуллаган бир пайтда кучайди.

ЎзА