Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Нукус “Темурбеклар мактаби”да Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда “Ватан – улуғ, бурч – муқаддас” ғояси остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида бугунги кунда ёшларга қаратилаётган эътибор ва кўрсатилаётган ғамхўрликларга тўхталди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда ёшларни ҳар томонлама билимли, жисмоний чиниққан, етук инсонлар қилиб тарбиялашга, ўқувчи-ёшларнинг ҳарбий билимларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган “Темурбеклар мактаби” бугунги кунда ҳарбий соҳага истиқболли кадрларни тайёрлашда алоҳида ўрин эгаллайдиган ўқув масканларининг бирига айланиб бормоқда.
Мазкур ўқув юртларида ўтказилаётган “Ватан – улуғ, бурч – муқаддас” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирлар ёшлар ҳаётида катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлмоқда.
Тадбирда ёшларда ватанпарварлик туйғуларини кучайтирадиган турли бадиий чиқишлар, Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, шунингдек, ҳарбий машқлар ва ҳарбий техникалар кўргазмалари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида арқон тортиш ва турникда тортилиш мусобақалари ўтказилиб, ғолиблар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси тасарруфидаги ҳарбий-академик лицейларда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг энг иқтидорлиларини аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда қобилиятларини янада ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 24-26 апрель кунлари Нукус шаҳрида “Амир Темур издошлари” Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги кубоги фан олимпиадаси ташкил этилди.
Унда “Темурбеклар мактаби”, “Ёш чегарачилар” ва “Жалолиддин Мангуберди” ҳарбий-академик лицейларнинг ўқувчилари Ўзбекистон тарихи, инглиз тили, математика ва физика фанларидан беллашди.
Фан олимпиадаси якунларига кўра, Ички ишлар вазирлиги Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи жамоаси умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейи жамоаси иккинчи ўринни ва Мудофаа вазирлигининг Фарғона “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Фан олимпиадасида ғолибликни қўлга киритган барча ўқувчи ва жамоалар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири