Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармони аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш, уларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш, маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу фармон асосида ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича шаҳар ва туман ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани “Чойкўл” овул фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси томонидан аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўтган йили “Ташаббусли бюджет” дастури бўйича 1 минг 400 метр асфальт йўлни таъмирлаш ишлари олиб борилди, Давлат дастури асосида “Қорақипчоқ” аҳоли пунктига 1 та трансфарматор ўрнатилди.
Ҳоким ёрдамчининг ташаббуси билан ўтган йил давомида маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш учун янгидан 34 та тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди. Бундан ташқари, овул фуқаролар йиғинидаги ишсиз аёллар ва уюшмаган ёшларга иссиқхона, асбоб-ускуна йўналишлари бўйича 12 нафар фуқарога 109,4 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилди.
Ҳоким ёрдамчиси Рустам Раҳимовнинг таъкидлашича, ушбу йўналишдаги ишлар жорий йилда ҳам давом этмоқда. Жумладан, 33 нафар фуқарога ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида 425 миллион сўм кредит маблағи олиб берилди. Янгидан 3 та юридик, 18 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. 36 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ер майдони олиб бериш режалаштирилган.
Овулда яшовчи Дилноза Эримбетова кўчма савдо дўкони ҳамда автомобилларни ювиш хизматини йўлга қўйган. Якка тадбиркорни ўз фаолиятини янада ривожлантириши учун уни қўллаб-қувватлаб, бу борадаги янгиликларни етказиш ва ёрдам бериш мақсадида амалий ишлар қилинмоқда. Айни пайтда унинг кўчма савдо дўконида кундалик эҳтиёж учун барча озиқ-овқат маҳсулотлари ва маиший воситалар мавжуд.
Чойкўл овулида яшовчи Маҳмуд Норбоев 2012 йилдан буён иссиқхонада деҳқончилик маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланиб келади. “Амангул агро дунёси” масъулияти чекланган жамиятга томорқачининг фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида 7 йил муддатга 36 ой имтиёзли давр билан 14 фоиздан 230 миллион сўм кредит маблағи олишда ҳамда иссиқхона қурилишида ҳоким ёрдамчиси амалий ёрдам берди. Дастлаб 3 сотих ер майдонида ташкил этилган иссиқхона яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳамда машаққатли меҳнат натижасида 21 сотихга етган. Иссиқхонада бодрингнинг 3 хил нави етиштирилмоқда.
–Жойларда ҳоким ёрдамчиси лавозимининг жорий этилиши тадбиркорларнинг мушкулини осон қилмоқда, – дейди Маҳмуд Норбоев. –Иссиқхонани кенгайтириш ва очиқ майдонни аукционда ютиб олишимда ҳоким ёрдамчиси кўп ёрдам берди. Томчилатиб суғориш тизимининг жорий этилиши сув ресурслари ва минерал ўғитни тежаш, шунинг эвазига ҳосилдорликни ошириш имконини бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган янги лавозим, дарҳақиқат, аҳолининг яқин ёрдамчиси, кўмакдоши бўлиб қолмоқда. Амударё туманидаги ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти билан танишганимда бунинг гувоҳи бўлдик.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА мухбирлари