Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашида Қирғиз Республикаси Судьялар кенгаши аъзоларидан иборат делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, уларнинг натижалари билан яқиндан танишиш мақсадида ташриф буюрган қардош халқ делегациясига юртимизда профессионал судьялар корпусини шакллантириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Мутасаддилар жорий этилган янги тартиблар, судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, танлов асосида танлаш ва тайинлаш, тизимда очиқлик ва шаффофлик таъминланишининг ҳуқуқий асослари бўйича сўзлаб берди.

Меҳмонлар амалиётга муваффақиятли жорий этилган судьялар фаолияти самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш тизими, унинг мезонлари, Кенгаш ҳузурида ташкил этилган Ўзбекистон Судьялар клуби фаолияти, айниқса, клубнинг электрон платформасининг иш самарадорлигини янада оширишдаги аҳамияти ва афзалликлари билан яқиндан танишди.

Таъкидландики, Қирғиз Республикаси Судьялар кенгаши делегациясининг ташрифи мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига эътибор, шунинг баробарида уларнинг амалдаги эътирофи ҳам ҳисобланади.

Дўстона ва конструктив ўтган учрашувда икки давлат судьялари ҳамжамиятлари ўртасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликнинг истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Куннинг иккинчи ярмида делегация аъзолари Кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабига ташриф буюриб, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш борасидаги жорий талаб ва тартиблар, амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди.

Ташриф доирасида меҳмонлар Судьялар олий малака ҳайъати раҳбарияти билан ҳам учрашади. Олий суд ва пойтахтдаги фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар фаолияти билан яқиндан танишади.

Н.Абдураимова, ЎзА