Корея Республикаси – соғлиқни сақлаш соҳасида дунёнинг пешқадам давлатларидан бири. Сўнгги маълумотларга кўра, бу ерда аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 83,5 ёшга тенг. 60 йил аввал мазкур рақамлар бор-йўғи 53 ёшни ташкил этганини ҳисобга олсак, ушбу давлатда тиббий хизматлар сифати йил сайин жадал ўсиб бораётгани ойдинлашади.

Бу, аввало, мамлакатда соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш, диагностика ва даволаш жараёнларига татбиқ этилаётган инновацион технология ҳамда илғор ёндашувлар билан боғлиқ.

Шу боис ушбу давлат билан тиббиёт йўналишида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.

ССВ матбуот хизматининг хабарига кўра, айни кунларда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фарҳод Тошпўлатов бошчилигидаги вазирлик масъуллари ҳамда юртимизнинг етакчи тиббиёт муассасалари вакилларидан иборат делегация Корея Республикасида бўлиб турибди.

Дастлаб делегация Инчон шаҳридаги Католик университетнинг Муқаддас Мария халқаро касалхонаси раҳбарияти билан учрашди. Бу – Жанубий Кореядаги энг йирик шифохоналардан бири бўлиб, 22 та ер усти ва 6 та ер ости қаватлардан иборат ва 1374 ўринга эга.

Муассасада мамлакатда биринчи бўлиб буйрак, шох парда, ингичка ичак, аллоген гематопоэтик ўзак ҳужайра трансплантациялари каби мураккаб операциялар амалга оширилган. Шунингдек, саратон касаллигини даволаш учун томотерапиядан фойдаланила бошлаган. Бундан ташқари, шифохонада юқори частотали фокусланган ультратовуш текшируви қўлланилиб, бу беморларга оғриқсиз даволаниш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Корея Республикасининг «ImmunisBio» компанияси ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди. Компания ёшга боғлиқ касалликлар ва иммун дисфункцияси терапияси соҳасида новатор ҳисобланади. Ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида илғор технологиялар ва инновацион ечимлардан фойдаланган ҳолда ҳужайра терапияси (NK, CAR-Т, CAR- NK) лойиҳасини ишга тушириш кўзда тутилмоқда. Лойиҳа қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг.

Делегация вакиллари «YUHAN Pharmacy» фармацевтика компанияси фаолияти билан танишиб, ушбу соҳадаги энг йирик компания раҳбари Ким Жонгсу билан музокаралар ўтказди.

Шунингдек, делегация «POSCO INTERNATIONAL CORP» компанияси бош офисига ташриф буюриб, вице-президент Тай Хи Ли билан учрашди. Корея Эксимбанки ва «HUNDAY» компанияси раҳбарияти билан ҳам расмий учрашувлар бўлиб ўтди.

ЎзА