Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

“Мисрга дарвоза” нашри Миср таълим ва техник таълим вазири доктор Ридо Хижазий ва Ўзбекистон Республикасининг Мисрдаги элчиси Мансурбек Қиличев билан ўтган мулоқотини ёритди.

Мақолада икки давлат ўртасидаги узоқ йиллик тарихий илдизларга эга мустаҳкам алоқалар, имзоланган қўшма ҳужжатлар ва келишувлар доирасида таълим, айниқса, араб тилини ўқитиш йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш ва тажриба алмашиш йўллари истиқболи таъкидланган.

Доктор Ридо Хижазий Мисрда таълим ислоҳоти 2018 йилдан бошлангани ва вазирликнинг стратегик режасида бандлик ва меҳнат бозорини барпо этувчи аниқ мақсадлар, таълим тизимининг турли жиҳатларини ривожлантириш йўлида вазирлик томонидан катта саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганини қайд этди. У, шунингдек, Мисрда техник таълимнинг иқтисодиётдаги муҳим ўрни, хусусий секторнинг мактабларга, айниқса, амалий технология мактабларига жалб этилиши туфайли сўнгги пайтларда жуда муҳим ўзгаришларга гувоҳ бўлганига эътибор қаратди.

Ўз навбатида, элчи Мансурбек Қиличев Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларга юксак баҳо бериб, икки давлат халқларининг тарихий, маданий ва диний муштараклиги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши, Мисрнинг истиқболли ҳамкор сифатидаги муҳим ролини урғулади. Икки давлат ўртасидаги самарали ҳамкорлик орқали олий таълим соҳасида илғор Миср тажрибасини ўрганишдан манфаатдор эканини эътироф этди.

Учрашувда икки давлат ўртасида ўқитувчилар малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, Ўзбекистондан Миср олийгоҳларида таълим олиш учун келаётган талабалар сонини кўпайтириш ва техник таълими битирувчиларидан юртимиз тараққиётида фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА