Жорий йилнинг 28 апрель куни мамлакатимизнинг 15 та шаҳрида “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда бирга югурамиз” шиори остида “Yangi nafas” югуриш мусобақаси бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан Нукус шаҳрида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими мутасаддилари томонидан мусобақага тайёргарлик бўйича маълумот берилди.
Мусобақадан кўзланган мақсад аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг ёйиш, одамларни бир мақсад атрофида бирлаштириш, йилдан йилга оммалашиб бораётган саломатлик тадбирларининг даражасини юксалтиришдан иборатдир. Барча шаҳарларда оммавий югуриш мусобақаси бир вақтда, эрталаб соат 06:00 да бошланади. 3 км масофага ўтказиладиган югуришда олий таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларидан 7 минг 100 нафардан зиёд иштирокчининг қатнашиши кутилмоқда. Мусобақани 26 нафар ҳакам назорат қилиб борса, 25 нафар волонтёр яқиндан ёрдам беради.
Мусобақа якунида совринли ўрин эгалари ҳамда 25 та номинация бўйича ғолиблар тақдирланади. Иштирокчиларга ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, маданият ходимларининг концерт дастури намойиш этилади.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири