Ўзбекистонда сунъий интеллект жорий этилса мамлакат ЯИМ ҳажми 2030 йилгача 10 миллиард долларга ошиши мумкин. Бу ЯИМ ўсишини 7 фоизга кўпайтиради деганидир, деди РФ “Сбербанк” бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Александр Ведяхин Тошкентда бўлиб ўтган “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасида.

***

Грузия Украина фуқаролари  учун мамлакатда визасиз бўлиш муддатини 3 йилгача узайтирди, дейилади расмий ҳукумат қарорида. Аввал Украина фуқароларининг Грузияда визасиз бўлиш муддати 1 йил эди. 2023 йилда Грузия ҳукумати визасиз тартибни 2 йилга чўзганди.

***

АҚШ Сенати Вашингтон иттифоқчиларига ташқи ёрдам тўғрисида қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжатда, жумладан Украина, Исроил ва Тайван ҳам бор.

Ҳужжатни 79 сенатор қўллаб-қувватлаган.

Шундай қилиб, қонун лойиҳасини АҚШ Конгрессининг иккала палатаси ҳам маъқуллади. Энди уни Президент Жо Байден имзолаши керак бўлади.

***

Малайзия ҳарбий денгиз кучларига қарашли икки вертолёт ҳавода тўқнашиб кетди. Ҳарбий учувчилар парад олдидан тайёргарлик ўтказаётган бўлган. Ҳалокат оқибатида  вертолётда бўлган 10 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Воқеа сабабларини ўрганиш учун комиссия ташкил этилади, дейилади хабарда.

***

Арманистон хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян 24-25 апрелда Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган хавфсизлик масалалари бўйича юқори вакиллар иштирокидаги халқаро учрашувга бормайди, дейилади давлатга қарашли “Арменпресс” ахборот агентлиги тарқатган хабарда.

Таъкидланишича, бундай учрашувлар Россия хавфсизлик кенгаши шафелигида 2010 йилдан буён ўтказилиб келинади.

***

Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов 23 апрель куни пора олишда гумонланиб ушланди, деб маълум қилди Россия Федерацияси Тергов қўмитаси.

Ивановга 15 йиллик қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин. Вазир ўринбосарининг қўлга олингани ҳақида Президент Владимир Путинга ўз вақтида маълум қилинди, дейилади хабарда.

*** 

Хитойнинг Гуандун музофоти туманларида кучли жаладан жабр кўрган 110 минг киши  бошқа жойга кўчирилди, деб хабар тарқатди «Синьхуа» ахборот агентлиги маҳаллий фавқулодда вазиятлар бўйича бошқарма маълумотига таяниб.

“25,8 минг киши тезкор суръатда хавфсиз жойга жойлаштирилди”, — дейилади хабарда. Айни дамда Хитой ҳукумати кучли жала оқибатида юзага келиши кутилаётган сув тошқинларининг олдини олиш чораларини кучайтирмоқда.

*** 

«Арманистон ҳақиқатан ҳам Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти фаолиятида ўз иштирокини чеклаган, бироқ ўзаро ҳамкорликнинг асосий механизмлари ишлаб турибди. Ташкилотнинг низоми ва тамойилларига кўра, КХШТнинг Арманистонга нисбатан барча мажбуриятлари сақлаб қолинган», – деб баёнот берди КХШТ бош котиби Имангали Тасмагамбетов «Известия» нашрига берган интервьюсида.

Унинг айтишича, ташкилотда қолиш ёки уни тарк этиш Ереваннинг суверен қарори бўлади.

*** 

«Исроилнинг барча базалари биз учун нишон ҳисобланади. Исроилнинг ҳар бир ҳужуми Ҳизбуллоҳнинг кенгайтирилган амалиёти билан қарши олинади», – деб баёнот берди Қатарда чиқадиган “Al-Araby Al-Jadeed” газетасига Ливан парламентидаги ташкилот манбаси. Унинг қўшимча қилишича, Ҳизбуллоҳнинг амалиётлари суръати аввалгидек бўлмайди, аксинча кучайиб,  Исроилнинг ички ҳудудларигача етиб боради».

***

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон Жанубий Корея амалдорларини итларга тенглаштирди ва агар Жанубий Корея Шимолга ҳужум қилишга қарор қилса қақшатқич мағлубиятга учрашини таъкидлади, деб хабар тарқатди КХДР Марказий телеграф агентлиги.

С.Раҳимов, ЎзА