Жорий йилнинг 27 апрель кунидан 7 май кунига қадар Осиё бокс конфедерацияси томонидан Қозоғистоннинг Остона шаҳрида 22 ёшгача ва ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилади. Унда бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Мазкур Осиё чемпионатида 2002, 2003, 2004 ва 2005 йилларда туғилган йигит-қизлар 22 ёшгача бўлган тоифада иштирок этиши мумкин. 2006 ва 2007 йилларда туғилган боксчилар эса ушбу қитъа миқёсидаги мусобақада ўсмирлар йўналишида рингга кўтарилади.
Хўш, мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг имкониятлари қандай баҳоланмоқда?
Албатта, сўнгги йилларда турли ёш тоифасидаги мамлакатимиз терма жамоалари бокс бўйича ўтадиган нуфузли мусобақаларда ғолиблик учун асосий даъвогарлардан ҳисобланади. Шу ўринда, ўтган йиллардаги мазкур ёш тоифаларида мамлакатимиз чарм қўлқоп усталари қайд этган натижаларга эътибор қаратсак.
2023 йил январь ойида Бангкок шаҳрида бокс бўйича 22 ёш тоифасидаги сўнгги ASBC Осиё чемпионатида терма жамоамиз 14 олтин, 4 кумуш ва 3 бронза медалини қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди. Ноябрь ойида Остонада ўтган ёшлар Осиё чемпионатида 8 тадан олтин ва кумуш ҳамда 4 бронза медали билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.
Кўриниб турибдики, мазкур ёш тоифасида боксчиларимиз доимо юқори поғоналарни эгаллаб келмоқда.
Ўзбекистон терма жамоасини шакллантириш 2023 йилнинг декабрь ойида республика миқёсида бошланди. Сараланган таркиб эса Испания, Руминия, Болгария, Озарбайжон ва бошқа мамлакатларда ўтказилган турли халқаро мусобақаларда иштирок этиб, ўз устида ишлади.
Шу тариқа, бу йилги қитъа биринчилигига жамоа шаклланди ва таркибдан Осиё чемпионлари, жаҳон чемпионати совриндорлари ўрин эгаллади. Бу эса Осиё чемпионатида боксчиларимиз бир неча вазн тоифасида ғолиблик шоҳсупасидан ўрин олиш имкониятини яратади.
Остонада ўтиши кутилаётган Осиё чемпионатининг 22 ёшгача бўлган чарм қўлқоп усталари орасида ҳамюртимиз, 54 килограммгача вазнда 2024 йилги Париж Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритган Нигина Ўктамова ҳам борлиги мазкур вазнда олтин медални қўлга киритишимизга имкон яратади. Шунингдек, бу мусобақа Нигина учун тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига тайёргарлик босқичини ўтайди.
Шунингдек, таркибимизда Фарзона Фозилова (48 кг), Гулсевар Ғаниева (50 кг), Феруза Казакова (52 кг), Моҳинабону Абдуллаева (63 кг), Азиза Зокирова (75 кг) ва Олтиной Сотимбоева (81 кг) каби бир қатор халқаро мусобақаларда ғолиб бўлган боксчиларимиз борлиги, Жасмин Тоҳирова (48 кг), Зилолахон Юсуфова (52 кг), Узукжамол Юнусова (54 кг), Санобар Бозорбоева (75 кг), Собирахон Шаҳобиддинова (+81 кг) ва Рухшона Шакаровадек (66 кг) иқтидорли спортчиларимиз ўрин олгани, уч карра Осиё чемпиони Оиша Тоирова (70 кг) жой эгаллагани Остонада фаворитлар қаторида эканимизга яна бир далилдир.
Чемпионатнинг ўғил болалар баҳсларида 22 ёшгача бўлган боксчилар қаторида Асилбек Жалилов (51 кг), Шодиёржон Мелиқўзиев (48 кг) Хўжаназар Нортожиев (54 кг), Шавкатжон Болтаев (67 кг) ва Жавоҳир Умматалиев (75 кг) қитъа чемпионлиги учун асосий даъвогар ҳисобланмоқда. Айниқса, Фазлиддин Эркинбоевнинг мазкур чемпионатда имкониятлари ўта юқори баҳоланмоқда. У сўнгги пайтларда ўтказилган барча мусобақаларида ғалаба қозонган. Жаҳон ва Осиё чемпиони, Олимпия ўйинлари ғолиби Баҳодир Жалолов ортидан бораётган, супероғир вазн тоифасидаги (+92 кг) Жаҳонгир Зокировнинг айни пайтда Осиё чемпионати олтин медалига эга чиқиш имконияти юқори баҳоланмоқда.
Шу ўринда, Остона шаҳри мезбонлик қиладиган, Осиё чемпионатида Абдулазиз Абдуназаров (51 кг), Собиржон Тастанов (54 кг), Мироншоҳ Норқошимов (60 кг), Абдуллоҳ Тоҳиров (63,5 кг), Мақсудхон Мелиев (92 кг) ва Шаҳзод Полвонов (+92 кг) каби ёш иқтидорли спортчиларимизнинг техник имкониятларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳа, бугун ўзбек ёшлари турли спорт мусобақаларида ғалаба қозониб, халқ ишончини оқламоқда, Ватан шаънини юксалтирмоқда. Умид қиламизки, бу галги қитъа биринчилигида ҳам боксчиларимиз ёрқин ғалабалари билан бизни хурсанд қилишади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА