Қорақалпоғистон Республикаси Aхборот-кутубхона марказида “Китобсевар миллат” шиори остида анъанавий IV республика “Китобхонлик ҳафталиги”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “2020 – 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, аҳоли, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, нашриётлар ва ижодкорлар фаолиятига кўмаклашиш, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўз юритилди.

Ҳафталик “Янги адабиётлар билан танишинг!” мавзусида китоб кўргазмаси ҳамда “Кутубхона бўйлаб саёҳат” тадбири билан бошланди. Шунингдек, Қорақалпоқ адабиётининг йирик вакили, буюк шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан “Юртини эъзозлаб, куйлаган шоир”, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони И.Юсупов таваллудининг 95 йиллигига бағишланган “Шеърлари қалбларга ҳаловат бағишлаган шоир”, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Т.Қайипбергенов таваллудининг 95 йиллигига бағишланган “Уйғоқ қалб ҳамон орамизда”, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 70 йиллигига бағишланган “Ватанини улуғлаган шоир!” мавзуларида адабий кечалар ташкил этилади.

Бундан ташқари, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати билан ёш тадбиркор Д.Панаев билан “Иқтидорли ёшлар-миллат ғурури, мамлакат таянчи”, “23 апрель – Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни”га бағишланган “Инсоннинг ҳуқуқи ва эркинлигининг кафолатиҳуқуқ устуворлигидадир”, “Маънавият ёшларга қанот” мавзуларида давра суҳбатлари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари билан “Зулфияхоним издошлари”, Қорақалпоғистон халқ артисти Зауре Саипова билан “Китоб – менинг ҳаётим” мавзуларида учрашув кечаларини ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, ёшлар ўртасида “Заковат – ёшларга қанот”, китобхонлар клуби аъзолари билан “Кутубхонада квест” интеллектуал ўйинлари ўтказилиб, Уильям Шекспир таваллудига бағишланган “Инглиз драматургиясининг ёрқин юлдузи” виртуал кўргазмаси ташкил этилади.

“Китобхонлик ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари