Қатар яшил майдонларида футбол бўйича U23 ёш тоифасида ўтказилаётган Осиё кубоги ҳам ўзининг қизғин палласига кирди. Гап шундаки, кубокнинг гуруҳ босқич ўйинлари якунланди. Энди 8 терма жамоа мусобақа ғолиблиги ва «Париж-2024» йўлланмаси учун курашни давом эттиради.

Эртага, 25 апрель куни мусобақанинг чорак финал ўйинларига старт берилади. Ушбу босқичда Қатар – Япония, Жанубий Корея – Индонезия, Ироқ — Вьетнам, Ўзбекистон — Саудия Арабистони жуфтликлари ярим финал учун куч синашади.

Мазкур учрашувлар олдидан ушбу жамоалар гуруҳ босқичида қандай натижа қайд этгани ҳақида тўхталиб ўтсак. Мусобақа мезбони Қатар «А» гуруҳида икки ғалаба ва бир дуранг қайд этган ҳолда 7 очко билан биринчи поғонани эгаллаган бўлса, Индонезия икки ғалаба эвазига 6 очко билан плей-оффга йўл олди. 3-тур давомида Қатар 4-1, Индонезия эса 5-3 голлар нисбатини қайд этди.

«Б» гуруҳида эса Жанубий Корея 9 очко жамғарган ҳолда пешқадам бўлди. Япония эса 6 очко билан навбатдаги босқич иштирокчисига айланди. Кореялик футболчилар гуруҳ босқичида жами тўрт марта рақиб дарвозасига гол урди ва ўзларининг дарвозалари дахлсизлигини таъминлади. Япония олимпия терма жамоаси эса 3 та гол киритишга улгурди ҳамда ўз дарвозасидан 1 тагина тўп олиб чиқди.

Гуруҳ учрашувлари давомида энг кутилмаган натижалар «С» гуруҳида қайд этилди. Сўнгги турда Тожикистон Таиландни 1:0 ҳисобида енгиб, чорак финал остонасидан қулатди. Гуруҳ етакчиси бўлган Саудия Арабистони кутилмаганда Ироқ олимпия терма жамоасига 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди.

Бунинг натижасида Ироқ ва Саудия Арабистони 6 очко тўплаган ҳолда 1/4 финал босқичига чиқди. Гуруҳда Ироқ 6-5, Саудия Арабистони эса 10-4 голлар нисбатига эришди.

«Д» гуруҳида яққол пешқадам дея эътироф этилган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мухлису мутахассислар фикри тўғри эканини ғалабалари билан исботлади. Темур Кападзе шогирдлари гуруҳдаги барча рақибларини енгиб, 9 очко жамғарди. Жами уч ўйинда рақиб дарвозасини 10 маротаба ишғол қилган олимпиячиларимиз ўз дарвозалари дахлсизлигини таъминлади.

Шу тариқа терма жамоамиз Осиё кубогида голлар нисбатини 10+ кўринишига келтирган ягона жамоага айланди. Мазкур гуруҳда иккинчи ўрин Вьетнам термасига насиб этди. Ушбу жамоа аъзолари 3 турнинг иккитасида ғалаба қозонди ва 5 та гол урди. Сўнгги турда эса футболчиларимизга йирик 3:0 ҳисобида мағлуб бўлди ва тўплар нисбатини 5-4 кўринишида якунлади.

Дарвоқе, 26 апрель куни чорак финалда Ўзбекистон – Саудия Арабистони терма жамоалари ўзаро ўйин ўтказади.

Шу ўринда мазкур ёшдаги ушбу жамоаларнинг ўзаро ўйини ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз.

Ушбу ёш тоифасида ҳар икки терма жамоа ўтган йили Хитойда ўтган Осиё ўйинларининг футбол баҳслари айнан чорак финалида тўқнаш келган ва унда Темур Кападзе шогирдлари 2:1 ҳисобида зафар қучган эди. Мазкур ўйинга ҳали кўп вақт ўтгани йўқ ва умид қиламизки, олимпиячиларимиз «Париж-2024» остонасида ғалаба қозониб, ўз мақсадлари сари олға борадилар.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА