Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида талабаларнинг назарий билимларини янада мустаҳкамлашда ўқиш жараёнига хорижлик профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш борасида амалий ишлар қилинмоқда.
Улар иштирокида онлайн маърузалар ўтказилиши билан бирга, қўшни давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари талабаларга офлайн тарзда дарс беришга ҳам жалб этилмоқда. Жумладан, Қозоғистон Республикасининг “QS World University Rankings” 500 талигига кирадиган Қозоғистон миллий аграр тадқиқот университети билан тузилган икки томонлама шартнома асосида ушбу олийгоҳнинг биологик хавфсизлик кафедраси профессори, ветеринария фанлари номзоди Амангелди Мавлонов филиал талабаларига 30 соат дарс ўтди.
Филиал директори, профессор Адилбай Есимбетов билан суҳбат давомида ҳамкорликнинг янги босқичлари муҳокама этилди. Йўлга қўйилган ўқитувчилар алмашинуви асосида педагог кадрларнинг тажрибалари янада ортиб, янги билимларни ўзлаштираётганлиги, дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланиб, ижобий натижа бераётганлиги қайд этилди. Келгусида илмий йўналишда ҳам ҳамкорликни ривожлантириш, талабалар алмашувини йўлга қўйиш юзасидан мулоҳазалар билдирилди.
Бундан аввал ҳам қозоғистонлик профессорлар томонидан талабаларга дарс ўтилган эди. Талабалар профессорнинг маърузаларида фаол иштирок этиб, яхшигина билим ва кўникмаларга эга бўлишди.
Маълумот ўрнида: айни кунларда филиалнинг зооинженерия кафедрасининг катта ўқитувчиси З.Даулетова Қозоғистон миллий аграр тадқиқот университетида малака оширмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири