Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида битирувчи курс талабаларининг ижтимоий шароитини яхшилаш ҳамда бандлигини таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Унда филиал раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар ҳамда битирувчи курс талабалари қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг порлоқ келажагига, уларнинг ҳунар ўрганиб, етук кадр бўлишига эътибор қаратилиб, уларни иш билан таъминлаш борасида кенг имкониятлар яратилиб берилаётганлигига эътибор қаратилди.
Ташкил этилган ярмаркада 40 тадан зиёд иш берувчи корхона ва ташкилот вакиллари ўзларидаги бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Иш берувчилар битирувчи босқич талабалари билан яқиндан мулоқот олиб борди. Олиб борилган суҳбат давомида 87 та меҳнат шартномаси имзолашга эришилди.
Маълумот ўрнида: жорий ўқув йилида филиални 5 та таълим йўналиши бўйича жами 360 нафар талаба битиради. Албатта, уларнинг ҳар бирини катта ҳаётга тўғри йўналтирилиб, иш билан таъминлаш борасида ғамхўрлик кўрсатилмоқда.
Тадбир доирасида талабаларга бўш иш ўринларига йўлланмалар, иш берувчилар томонидан уларга тегишли тавсиялар берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири