Бугун Буюк Британия ташқи ишлар вазири, Ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича давлат котиби Дэвид Кэмерон бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди.

Ташриф аввалида юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашди.

Ўзаро мулоқот давомида минтақавий хавфсизлик, таълим, иқлим ўзгариши, икки томонлама савдо ҳамда бизнес алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар кенг қамровли шериклик тўғрисидаги декларация, минтақавий ва халқаро боғлиқлик ҳамда инфратузилма соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумини имзоладилар.

ТИВда бўлиб ўтган музокарадан сўнг Дэвид Кэмерон оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди:

– Биз биргаликда олдинга қараб дадил қадам ташлаяпмиз. Мамлакатларимиз ўртасида кичик бизнес ва инвестицияни янада ривожлантиряпмиз. Яшил технология бўйича ҳамкорликнинг янги босқичини бошладик.

Дарвоқе, қиролликда қишлоқ хўжалиги соҳаси учун мавсумий ишчиларни жалб этиш бўйича махсус схема мавжуд. Ушбу дастурда ўзбекистонликлар ҳам мунтазам иштирок этяпти.

Ўзбекистонда Британиянинг 10 дан зиёд университети фаолият юритмоқда. Ҳамкасбим билан қандай қилиб янада кўпроқ натижага эришиш мумкинлиги хусусида гаплашдик.

Ҳар икки мамлакатда янги иш ўринлари яратиш, савдо-сотиқ, бизнес ва яшил технологияни ривожлантириш умумий манфаатимизга мос келади, деб ўйлайман.

Биз мамлакатингизда амалга оширилаётган ислоҳотларни диққат билан кузатиб борамиз ва мамнуният билан олқишлаймиз. Бу юксак натижалар Ўзбекистон учун ривожланиш тенденциясини белгилаб беради.

Маълумот ўрнида: Кэмерон Тошкентга Марказий Осиёнинг барча беш давлати ва Мўғулистонга режалаштирилган расмий ташрифи доирасида келди. Бундан аввал ТожикистонваҚирғизистонда бўлиб, ПрезидентларЭмомали Раҳмон ваСадир Жапаров биланучрашди.

Ўткир АЛИМОВ, Рустам НАЗАРМАТОВ (фото), Улуғбек ТЎХТАЕВ (видео), ЎзА