Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлимида Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилига бағишланган анъанавий халқаро Тасвирий ва амалий санъат фестивали ҳафталигининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Р.Зарикеев, Туризм бошқармаси бошлиғи Г.Изентаева, академик С.Байбосинов ва бошқалар сўзга чиқиб, йиғилганларни 15 апрель – Маданият ва санъат ходимлари куни байрами ҳамда фестивалнинг очилиши билан қутлади.
15-19-апрель кунлари ўтказилиши режалаштирилган фестивалнинг асосий мақсади миллий тасвирий ва амалий санъатимизнинг бой меросини, унинг ютуқларини кенг оммага етказиш, ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш, шу орқали уларни она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаб, тасвирий санъатга қизиқишини оширишдир.
Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими Кўргазма саройида Ж.Изентаев номидаги Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқитувчилари ва ўқувчилари асарларидан иборат кўргазма очилди. Кўргазмадан юртимизнинг бетакрор табиати акс эттирилган пейзажлар, далаларда етиштирилган полиз маҳсулотлари билан бирга гулзорлардан янги узилган гуллар акс эттирган натюрмортлар, Орол денгизи ва унинг тақдири юзасидан композициялар, тарихий жойлардан сўзловчи картиналар ўрин олган.
Шу куни Нукус шаҳридаги Есжан бахши номидаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби тасвирий ва амалий санъат бўлими ўқувчиларининг кўргазмаси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари билан учрашув ва маҳорат дарси, И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи олдида “Нукус Бродвейи” номли лойиҳа доирасида рассомлар кўргазмаси ташкил этилди.
Ҳафталик доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири