АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Украина, Исроил ва Тайванга хавфсизлик соҳасида ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи 95 миллиард долларлик қонунчилик пакетини қабул қилди. Узоқ кутилган қонун лойиҳаси икки партиявий қўллаб-қувватловдан ўтиб, Сенатга юборилди. Ундан сўнг ҳужжат имзоланиши учун президент Жо Байденнинг столига келиши мумкин.

Исроилга қанча ёрдам юборилади? 

Ташқи ёрдам пакети Исроил учун 26,38 миллиард доллар, жумладан, гуманитар эҳтиёжлар учун 9,1 миллиард доллар ажратади.
5,2 миллиард доллар Исроилнинг ракета ва унга қарши мудофаа тизимини тўлдириш, кенгайтиришга йўналтирилади. Илғор қурол тизимларини сотиб олиш учун 3,5 миллиард доллар, қурол ишлаб чиқаришни кучайтириш учун 1 миллиард доллар ажратилади. Бошқа хизматлар учун 4,4 миллиард доллар кузда тутилган. Ғазо сектори ва босиб олинган Ғарбий Соҳилни ўз ичига олган гуманитар мақсадлар учун 9,2 миллиард доллар.

Бироқ, инсонпарварлик ёрдами учун маблағ ажратилишига қарамай, қонун лойиҳасида БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлигини молиялаштириш тақиқлангани кўрсатилган. Бунга сабаб агентлик ходимлари 7 октябрда ХАМАСнинг ҳужумларида иштирок этганлиги тўғрисида Исроилнинг асоссиз айбловларидан кейин содир бўлган.

Аммо Ғарбнинг бир қанча донорлари Ғазодаги икки миллионга яқин аҳоли учун муҳим бўлган ушбу агентликнинг молиявий ҳолатини қайта тиклаган.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШнинг миллиард долларлик ёрдамини олқишлаб, ўз раҳматини айтган ва Ғарб цивилизациясини ҳимоя қилишини ёзиб қолдирган ижтимоий тармоқда. Фаластин томони эса қонун лойиҳасини Фаластин халқига тажовуз ва хавфли эскалация деб атаган.

– Ушбу ажратилаётган пул Ғазо сектори ва босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги минглаб фаластинликларни қурбонга айлантиради, – деди Фаластин президенти Маҳмуд Аббоснинг матбуот котиби Набил Абу Рудейна.

Украинага қанча пул йўналтирилади? 

Қонун лойиҳаси Украинадаги можарони ҳал қилиш учун 60,84 миллиард доллар ажратади. АҚШ қуроллари, захиралари ва иншоотларини тўлдириш учун 23 миллиард доллар. Украина армиясини тайёрлашга ёрдам берадиган жиҳозлар учун 14 миллиард доллар. 11 миллиард доллардан ортиқ маблағ АҚШнинг минтақадаги жорий ҳарбий амалиётларини молиялаштиради. Шунингдек, Киев ва Вашингтон ўртасидаги разведка соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиради. 8 миллиард эса ноҳарбий ёрдам бўлиб, Украина ҳукуматига маошларни тўлашда кўмаклашади.

– Бугун Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинган АҚШнинг муҳим ёрдами ҳақидаги қонун лойиҳаси урушнинг кенгайишига йўл қўймайди, балки, минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолади ва ҳар икки халқимизнинг кучайишига ёрдам беради, – деди Зеленский.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова АҚШнинг янги ёрдам пакети бутун дунё бўйлаб инқирознинг чуқурлашишига олиб келишини айтди. Шунингдек, у Украина режимига ҳарбий ёрдам террорчилик фаолиятига бевосита боғлиқлигини қўшимча қилган.

Осиё-Тинч океанига қанча пул ажратилади? 

Ҳисоб-китобга кўра, 8,12 миллиард доллар Осиё-Тинч океани минтақасига, жумладан Тайванга йўналтирилади.

Тайвань Миллий Мудофаа вазирлиги қонун лойиҳаси қабул қилингандан кейин АҚШ Вакиллар Палатасига Тайванни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди. Вазирлик миллий хавфсизлик, Тайвань бўғозида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун жанговар тайёргарликни кучайтириш учун қаттиқ ҳаракат қилишини айтган.

Шу билан бирга Украинани қайта тиклаш учун Россия марказий банкининг музлатилган активларини мусодара қилиш, Эрон, Россия ва Хитойга қарши санкциялар киритиш имконини берувчи таклифлар, шунингдек, ТикТок видео иловасининг хитойлик эгаси ўз улушини сотиши ёки АҚШда таъқиққа учраши ҳақида қоидалар мавжуд.

– Мен Сенатдан ушбу пакетни тезда менинг столимга юборишни сўрайман, қонунга имзо чекаман ва биз Украинага уларнинг жанг майдонидаги фавқулодда эҳтиёжларини қондириш учун зудлик билан қурол ва жиҳозларни жўнатамиз, – деган президент.

Сенат муҳокамаси сешанба куни бошланиши кутилмоқда. 

Сардорбек Поёнов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.