Бугун пойтахтимизда “Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия” лойиҳасинниг тақдимоти ўтказилди.

Энергетика вазирлиги ва Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда соҳа масъуллари, маҳаллий ва хорижлик экспертлар, давлат идоралари вакиллари иштирок этди. Тадбирда лойиҳанинг мазмун-моҳияти ва амалий натижасига алоҳида эътибор қаратилди.

Унда таъкидланишича, Жаҳон банкининг молиявий кўмагида Энергетика вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш ва бинолар секторида тоза энергияга хусусий сармояни жалб қилиш учун муҳитни ривожлантиришга ёрдам беради.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 30 мартдаги “Жаҳон банки иштирокидаги “Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида татбиқ этилади. У Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси томонидан амалга оширилади.

Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминовнинг сўзига кўра, мамлакатимизда энергия истеъмолининг 50 фоизи бинолар секторига тўғри келади.

–22 фоизи саноат ва 20 фоизи эса транспорт соҳалари истеъмолини ташкил этади. Жумладан, жамоат бинолари соҳасида туман шифохоналарида энергия сарфининг қарийб 70 фоизи, мактабгача таълим муассасаларида 84 фоизи, қишлоқ врачлик пунктларида 88 фоизи, мактабларда эса 97 фоизи иситиш учун сарфланади. Аксарият жамоат бинолари 1970-1980 йилларда энергия самарадорлиги стандартларини ҳисобга олмаган ҳолда қурилган. Улардаги иссиқлик изоляцияси ёмон ҳолатда бўлиб, ҳарорат бўйича қулайлик стандартларига жавоб бермайди. Ушбу биноларда эскирган қозонлар ва ҳаддан ташқари кўп энергия истеъмол қиладиган гидроник иситиш тизимлари қўлланилади. Мазкур лойиҳа доирасида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси мамлакат бўйлаб қишлоқ ва шаҳарларда фаолият юритувчи Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларига қарашли муассасаларда энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини молиялаштиради. Лойиҳани амалга ошириш давомида 2023–2028 йилларда 500 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, шифохоналар ва поликлиникалар энергия самарадорлигини ошириш мақсадида модернизация қилинади ва таъмирланади, – деди У.Мамадаминов.

Жаҳон банки томонидан 2021 йилда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида энергия самарадорлигини ошириш орқали бир йилда 7000 ГВт/соатдан ортиқ энергияни тежаш мумкин. Шундан 6810 ГВт/соатга яқини иссиқлик, 240 ГВт/соатдан ортиғи эса электр энергияси кўринишида иқтисод қилиниши мумкин.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ўз сўзида ушбу лойиҳанинг татбиқ этилиши ҳар жиҳатдан самарали эканини таъкидлади.

–2022 йил июнь ойида Жаҳон банки Ижрочи директорлари кенгаши “Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия” лойиҳасини амалга ошириш учун мамлакатга 143 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Лойиҳа доирасида бутун мамлакат бўйлаб жамоат биноларининг энергия самарадорлигини оширишга сармоя киритиш режалаштирилмоқда. Бу уларнинг ўзгарувчан иқлимга тайёрлигини оширади, энергия сарфини камайтиришга ёрдам беради ва атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартиради, –деди Марко Мантованелли.

Қайд этилганидек, лойиҳа асосида 500 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектининг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари белгиланган. Уларнинг иссиқлик изоляцияси, вентиляция, ҳавони тозалаш ва ёритиш тизимларининг ишлаши такомиллаштирилади. Тадбирда лойиҳанинг мамлакатда энергия самарадорлигини ошириш учун қулай муҳит яратишдаги ўрни, режалаштирилган тадбирлар, кутилаётган натижалар ва лойиҳанинг ижтимоий-иқтисодий афзалликлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА