Пойтахтимизда Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциациясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси раиси Инқилоб Юсупова, Ассоциациянинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бўлимлари раислари ва вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш, болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган давлат сиёсати моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, болалар ва оилалар ҳуқуқларини асраш бўйича халқаро ҳуқуқий меъёрлар асосида амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди.

Йиғилишда болалар ва оилалар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилган ишлар, келгусидаги режалар муҳокама қилинди ва бир қатор ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман) ўринбосари, Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил бўлиб фаолият юритган Алия Юнусова Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциациясига ижрочи директор этиб тайинланди.

— Мамлакатимизда ёш авлодни илмли, салоҳиятли қилиб тарбиялаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди, — дейди Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси раиси Инқилоб Юсупова. — Ижтимоий адолат тамойиллари йўлга қўйилди, болалар ва оилалар ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан ҳимоя қилиниши белгиланган. Айниқса, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун олдимизда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда қонунчилик ижросини таъминлаш, бу борадаги давлат сиёсати моҳиятини кенг аҳоли ўртасида тарғиб этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириб, фарзандларимизнинг аҳил ва тотув оилаларда, илмли-салоҳиятли бўлиб вояга етишини таъминлашдек масъулиятли вазифалар турибди.

Ўзбекистон Республикасида болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ва ҳуқуқий асослари, болалар орасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш, ногиронлиги бўлган болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси томонидан режалаштирилаётган муҳим лойиҳалар муҳокама қилинди.

Н.Усмонова, ЎзА