Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Мажлисда дастлаб Президентимизнинг 2024 йил 18-19 апрель кунлари Тожикистон Республикасига давлат ташрифининг аҳамияти хусусида сўз юритилди.

— Кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродалари натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги яқин қўшничилик, қардошлик алоқалари мустаҳкамланиб, барча йўналишлардаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда, — деди Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов. — Мазкур ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва дўстона алоқаларни юқори босқичга кўтариб, янги саҳифалар очади.

Самарали кечган ташриф мобайнида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларини қамраб олувчи 28 та ҳужжат имзоланди. Айниқса, тарихий ҳужжатлардан бири Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди. Бу ҳамкорликнинг энг юқори юридик кучга эга бўлган ҳужжати ҳисобланади. Ташриф давомида эришилган келишув ва шартномалар ўзаро англашув ва қўшничилик муносабатлари ортга қайтмас тус олганини англатади. Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини билдиради. Бу ҳужжатлар, албатта, икки халқ фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. Депутатлар корпуси вакиллари Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлигини, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани юқори баҳоладилар, — деди Спикер.

Шунингдек, Спикер ўз сўзида Тожикистон парламенти билан ҳамкорлик масалаларига ҳам тўхталиб ўтди. Парламентлараро ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш борасидаги ишларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Спикер яқинда депутатларнинг ҳудудларда олиб борган ўрганишлари ҳақида ҳам тўхталди. Учрашувларда сайловчилар томонидан кўтарилган масалалар соҳа вакиллари иштирокида муҳокама қилиниши ва ҳуқуқий ечим топиши зарурлигини қайд этди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА