Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” павильонларида 22-24 апрель кунлари тўртинчи бор “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси ўзтказилмоқда.

Айтиш керакки ҳар бир кўргазманинг ўз ўрни ва нуфузи бор, бироқ халқаро саноатчилар намойиши ҳамиша кўпчиликда катта қизиқиш уйғотади. Шундан бўлса керак биринчи кунданоқ кўргазмага ташриф буюрувчиларнинг кети узилмади. Бу ҳолат эса тадбир ташкилотчиларини ҳам бироз шошириб қўйди.

Лекин нима бўлгандаям, инновацион технологияларга кенг ўрин берилгани мазкур тадбирнинг ранг-баранглигини таъминлаб берган. Унда саноат соҳасидаги энг сўнгги технологик ечимларни ўз ичига олган минглаб маҳсулотлар бир жойда намойиш этилиши харидорга ҳам, ишлаб чиқарувчи маҳаллий ва хорижий компаниялар учун ҳам бирдек қулай ва манфаатли.

– Кўргазмада Италия аммортизаторларини намойиш қилмоқдамиз. Бу тезюрар “Афросиёб” электропоездлари учун ишлатилади, – дейди кўргазма иштирокчиси Павел Карпов. – Шунингдек, метро, трамвайларда ва бошқа транспорт воситаларида ҳам ушбу сифатли маҳсулотларни ишлатиш мумкин.  Электропоезларда 1.5 миллион километрдан кўпроқ масофага хизмат қилади. Заводимиз Италияда жойлашган.

Халқаро саноат кўргазмаси иштирокчилари федерал ва минтақавий даражадаги саноат кооперациясининг янги жиҳатлари ва воситаларини муҳокама қилишди.

Бу Марказий Осиёда савдо-саноат кооперациясини ривожлантириш учун муҳим воқеадир. Кўргазмада бир қатор муҳим муаммоларни ҳал қилиш, жумладан, энг янги саноат технологияларини илгари суриш ва корхоналар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш мақсад қилинган.

Унинг иштирокчилари – нафақат Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, балки Россия, Беларусь, Хитой ва Туркия каби турли минтақаларнинг нуфузли делегациялари ва компаниялари ўз имкониятлари ва янгиликларини намойиш этишди ҳамда минтақавий даражадаги саноат ҳамкорлигининг янги қирраларини муҳокама қилишди.

“Иннопром. Марказий Осиё” кўргазмаси ишбилармонлар, илмий ва эксперт ҳамжамиятлари вакиллари ўртасида савдо ва ишлаб чиқариш алоқаларини кенгайтириш, янги истиқболли ташаббус ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун ноёб имкониятлар яратди.

Жумладан, ўз саноатини ривожлантириш учун ҳудуд ҳокимлари ва инвестиция бўйича ўринбосарларига ушбу кўргазмада иштирок этиш ҳам янги шартномалар ва келишувларга замин бўлса ажабмас.

Зеро, кўргазманинг ишбилармонлик дастури “Марказий Осиёда халқаро саноат кооперацияси: саноат ва технологик раҳбарлар билан ҳамкорлик” мавзусидаги бош ғояга қурилган.

Сессия иштирокчилари кўргазма доирасида савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш бўйича флагман лойиҳалар ва ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.

Ишбилармонлик дастурининг асосий йўналишлари: “Яшил” транспорт — Ўзбекистон тараққиётидаги сўзсиз замонавий тенденция” тадбирлари ташкил этилди. Масалан, кўргазмада юртимизда ишлаб чиқарилиши мўлжалланган, ҳали сотувга чиқарилмаган янги гибрид автомобилларининг намойиш этилгани кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

– Мен Ўзбекистон “Электромашиналари” корхонаси директори сифатида бугун маҳсулотларни кўргазмада тақдим этмоқдаман, – дейди яна бир кўргазма иштирокчиси Денис Моисеев. – Шунингдек, Санкт Петербург корхонасининг ҳам вакили ҳисобланаман. Бу ерда локализация асосида электродвигателлар, тоғ-кон саноати транспорти ва экскаваторларга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мақсад қилганмиз. Кўргазма инновацион бўлгани учун 3Д сканерлари ва улар асосида яратилган маҳсулотларни ҳам тақдим этдик.

Минтақалараро ҳамкорлик мавзуси “Иннопром. Марказий Осиё” кўргазмаси кун тартибидаги асосий мавзулардан бири бўлди. Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари раҳбарлари энг истиқболли лойиҳаларни намойиш этишди, ишбилармон доиралар вакиллари ва минтақавий экспертлар эълон қилинган ташаббусларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни муҳокама қилдилар.

Айтиш керакки, Россия ва Ўзбекистон ўттиз йилдан ортиқ стратегик иқтисодий шериклардир. Россия иқтисодиётимизнинг асосий инвесторларидан бири ҳисобланади. Маълумотларга кўра, Россия капитал қўйилмаларининг умумий ҳажми 13 миллиард доллардан ошди.

Ўзбекистонда уларнинг 3000дан ортиқ қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда, Россияда Ўзбекистон резидентлари иштирокидаги 600дан ортиқ компания рўйхатга олинган.

Санжар Тошпўлатов,

Аброр Содиқов, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА