Нукусда “Юксалиш” ҳаракати Search Uzbekistan ташкилоти билан ҳамкорликда АҚШ Давлат департаментининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси молиявий кўмагида #Yoshxabardor: “Ёшлар коррупцияга қарши” лойиҳаси доирасида икки кунлик семинар бўлиб ўтди.
Лойиҳанинг мақсади мамлакатимизда давлат органларининг коррупцияга қарши саъй-ҳаракатларида ёшлар иштирокини кучайтириш, ушбу иллатнинг олдини олиш ва у ҳақида хабардор қилиш тушунчаларини мустаҳкамлаш, уларнинг коррупцияга қарши хавфсиз ва конструктив тарзда курашиш бўйича янги кўникмаларга эга бўлишида амалий кўмак кўрсатишдан иборат. Лойиҳа 18 ой мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида амалга оширилади. Ушбу мақсадли ҳудудлар, биринчи навбатда, коррупциянинг номутаносиб таъсири, яхшироқ таълим олиш, ишга жойлашиш имкониятларини қидираётган ёшлар ўртасидаги миграция тенденциялари ўрганилган ҳолда танланди.
Асосий мақсадли гуруҳ 16 дан 29 ёшгача бўлганлардан иборат. Ушбу ёш оралиғи таълим, соғлиқни сақлаш ва бандлик соҳаларида коррупциядан жабрланиш эҳтимоли катта бўлгани учун танланган. Лойиҳада уч компонент: билимга ҳамда кўникмага асосланган фаолият, коррупцияга қарши ўз дастурларини ишлаб чиқишга тайёрлашга қаратилган ўқув дастури асосида ёшлар кластерларини ташкил этиш, якунида коррупцияга қарши ёшлар тармоғини яратиш босқичларидан иборат.
Тренингларни муваффақиятли якунлаган ва соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик соҳаларида маҳаллий коррупцияни аниқлаш бўйича ўз ташаббусларини илгари сурган фаол ёшлар гуруҳларининг ҳар бирига 3 минг АҚШ долларидан 5 та кичик грант тақдим этилади. Бундан ташқари, ҳар бир ҳудудда индивидуал мураббийлик ва соҳа бўйича семинарлар ўтказиш орқали Коррупцияга қарши ёшлар тармоғини тузишга кўмаклашилади. Энг асосийси, ёшларнинг ушбу иллат ҳақида хабардорлиги ва билими ошиб, коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракати кучайтирилади. Бу борадаги бўшлиқларни тўлдириш учун мақсадли ёшлар ва ҳукумат ўртасидаги ҳамкорлик рағбатлантирилади.
Семинар-тренинг якунида иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан сертификатлар топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.