Мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга устувор вазифа сифатида қаралади.

Хусусан, тадбиркорларнинг инфратузилма ва бошқа соҳадаги муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш фаолият самарадорлигининг янада ортишига хизмат қилади. Айрим мансабдор шахслар томонидан эса тадбиркорларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқмаслик ва ноқонуний текширишлар уларнинг айрим муаммолари ҳал этилмаслигига сабаб бўлмоқда.

Шунга кўра, Бизнес-омбудсманга «Фаровон» МЧЖ (номи ўзгартирилган) мурожаат қилиб, 2023 йилда пахта ҳосилини суғориш ишларида фойдаланилган электр-энергияси учун субсидия маблағларини ажратишда амалий ёрдам сўради.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги  қарори билан  субсидияларни ажратиш тартиби тасдиқланган. Аниқланишича, ташкилий-ҳуқуқий ишлар якунига етмагани сабабли, 2023 йилда вилоятдаги тадбиркорлар ушбу субсидиядан фойдалана олмаган.

Президентимизнинг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ 2023 йилда пахта хом ашёси ва ғалла етиштиришда насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергияси қийматининг 50 фоизини қоплаб бериш учун субсидиялар ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тақдим қилинган экин майдонларини суғоришга сарфланган сув миқдори учун истеъмол қилинган электр энергияси қиймати бўйича ҳисоб-китобларига асосан, истисно тариқасида, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан жорий йилда ажратиб берилади.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 2024 йил 8 февралда мутасадди давлат органлари ва ташкилотларга тегишли маълумотларни бир ҳафта муддатда тақдим қилиш тўғрисида тегишли хат юборилган. Шунга қарамасдан, маълумотлар вазирликка тақдим қилинмаган.

Бизнес-омбудсман қонуний талаблари асосида зарур маълумотлар Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим қилиниши таъминланди. Ушбу маълумотлар асосида келгусида вилоятдаги 2000 дан ортиқ тадбиркорларга 28 миллиард сўмга яқин субсидия маблағлари тўлаб берилади.

Шунингдек, топшириқ ижросига масъулиятсиз ёндашганлиги сабабли, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мансабдор шахси О.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 197-3-моддасига асосан жарима жазоси қўлланилиши таъминланди.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА