Бу ҳақда “Китобсевар миллат» шиори остидаги IV республика “Китобхонлик ҳафталиги” очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов маълум қилди.

– Бу йилги ҳафталик мавжуд шарт-шароитдан келиб чиқиб ўзгача руҳда, керак бўлса, ҳар йилгидан кенгроқ доирада ўтказилмоқда, – деди Р.Қобилов. –Хусусан, ҳокимликлар, ёшлар билан ишлайдиган ташкилотлар томонидан китобхонлик тарғиботи кучайтирилди, шаҳарлар ва туманларда кутубхоналар барпо этилмоқда, мавжудлари таъмирланиб, аҳоли учун қулай шарт-шароит яратилмоқда. Вилоят ахборот-кутубхона маркази капитал таъмирланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминлангач, бу ерда бир вақтнинг ўзида 500 дан кўпроқ китобхонга хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлди. Бир неча ўқув заллари, музей экспозицияси, мультимедиа хонаси, овоз ёзиш студияси, илмий зал, учрашувлар ва мунозаралар ўтказиш заллари, рақамлаштириш сектори ишга туширилди, қўлёзмаларни реставрация ва консервация қилиш хизмати йўлга қўйилди. Вилоят кутубхонасида мавжуд шарт-шароитни яхшилаш борасидаги ишлар мунтазам давом эттирилмоқда. Яқинда кутубхонага яна бир қатор оргтехника воситалари харид қилинди. Хусусан, интерактив панел, тадбирлар ўтказиш учун замонавий жиҳозлар олинди. Компьютерлар юқори тезликдаги интернетга уланган, шу ернинг ўзида электрон кўринишда аъзо қилиниб, ID карта бериш йўлга қўйилган.

Вилоятимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш борасидаги ишлар натижасида яқинда Жойбой туманидаги 12-умумий ўрта таълим мактаби 8-синф ўқувчиси Наргиза Муҳаммадиева “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида ғолиб бўлиб, Президент совғаси билан тақдирланди. Бу муваффақият самарқандлик ёшларнинг китобга меҳрини оширишга катта мотивация бўлди.

Маълумки, Самарқанд шаҳри жорий йилда МДҲнинг маданий пойтахти деб эълон қилинган. Шу муносабат билан яқинда маданий тадбирлар бошланди. Йил якунига қадар йигирмага яқин йирик тадбирлар кўзда тутилган. Жумладан, 15 май куни Самарқандда МДҲ мамлакатлари кутубхоначиларининг форуми ўтказилади ва айни пайтда ушбу анжуманга қизғин ҳозирлик кўряпмиз.

Ҳафталик очилиш маросими доирасида Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар вакиллари ва ижодкорларга эсдалик совғалари топширилди.

– Муассасамизда китобхонлар учун барча қулайлик ва имкониятлар яратилгани туфайли кейинги беш йилда кутубхонага келувчилар 872 нафардан 25835 нафарга ошди, – дейди Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона маркази директори Зебинисо Шодиева. – Китобхонлик бўйича ўтказилаётган тадбирларнинг сони ва сифати ҳам ошиб бормоқда. Ҳафталик давомида марказда бир қатор янги китоблар тақдимотлари, ижодкорлар билан учрашувлар, китобхонлик бўйича турли танловлар ташкил этилади. “Севимли китобларим” номли кўргазма, “Қизиқарли кутубхонада” номли кутубхона бўйлаб саёҳатлар, “Севимли кутубхонамга китоб совға қиламан” акцияси ўтказилади.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),

ЎзА мухбирлари