ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукусда умумтаълим ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида “Ёш қутқарувчи” мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.
Беллашув Қорақалпоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда мусобақанинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 17 жамоа иштирок этиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, кўп қаватли биноларга арқон ёрдамида кўтарилиш, дарёдан ўтиш ва палатка қуриш шартлари бўйича ўзаро беллашди.
Якуний натижаларга кўра, Нукус шаҳридаги 1-касб-ҳунар мактабининг “Жайҳун” жамоаси биринчи, Нукус шаҳридаги 2-касб-ҳунар мактабининг “Тинчлик” жамоаси иккинчи, Қонликўл тумани касб-ҳунар мактабининг “Бешқалъа” жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА