Бухорода “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақаларининг 2024 йилги мавсумига старт берилди.
Шаҳардаги “Умид” спорт мажмуасида турнирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, мусобақа иштирокчиларига омад тилади.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ташаббуси билан 2021 йилдан эътиборан ёшларни спортга кенг жалб қилиш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни саралаб олиш мақсадида ДХХ кубоги учун футбол ва мини футбол бўйича мусобақалар ўтказиб келинмоқда. 2021-2023 йиллар давомида ушбу тадбир доирасида вилоят миқёсида 35 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этган. Кўплаб янги иқтидорли ёшлар кашф этилган.
Қувонарлиси, мусобақаларнинг вилоят босқичи ғолиби бўлган жамоа маҳалласида замонавий янги типдаги “STREET WORKAUT” майдончалари қуриб бериш амалиёти жорий қилинди. Бу тажриба ёшларнинг ўз маҳалласида обрўсининг ошишига ва ортидан ёшларни эргаштиришда мотивация бўлиб хизмат қилмоқда.
Турнирда иштирокчилар уч босқичда бош соврин учун кураш олиб боради. 1-босқич туман ва шаҳар саралаш мусобақалари апрель-май ойларида, 2-босқич Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бўйича саралаш мусобақалари июнь-июль ойларида, 3- босқич республика бўйича финал мусобақалари август ойида бўлиб ўтади.
Маълумот учун: 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил болалар футбол ва мини-футбол, қизлар эса мини-футбол бўйича ДХХ кубогида иштирок этиши мумкин.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари