Исроилга қанча ёрдам юборилади?
Исроилга 26,38 миллиард доллар, жумладан гуманитар эҳтиёж учун 9,1 миллиард доллар ажратилади.
5,2 миллиард доллар Исроилнинг ракетага қарши мудофаа тизимини тўлдириш, кенгайтиришга йўналтирилади. Илғор қурол сотиб олишга 3,5 миллиард, қурол ишлаб чиқаришни кучайтириш учун 1 миллиард, бошқа хизматлар учун 4,4 миллиард, Ғазо сектори ва қамалдаги Ғарбий Соҳилни қамраб олган гуманитар мақсад учун 9,2 миллиард доллар кўзда тутилган.
Инсонпарварлик йўналишида ҳам маблағ ажратилишига қарамай, қонун лойиҳасида БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлигини молиялаштириш тақиқлангани кўрсатилган. Бунга сабаб сифатида Исроилнинг тузилма ходимлари 7 октябрь куни ХАМАС ҳужумида иштирок этгани тўғрисидаги айблови кўрсатилмоқда.
Бинобарин, Ғарбнинг бир неча донори Ғазодаги икки миллионга яқин аҳоли учун муҳим бўлган ушбу муассасанинг молиявий ҳолатини қайта тиклаган.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху молиявий кўмакни олқишлаб, АҚШга раҳмат айтган. Фаластин томони эса қонун лойиҳасини халққа тажовуз, хавфли эскалация, дея атаган.
– Бу пул Ғазо ва босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги минглаб фаластинликларни қурбонга айлантиради, – деди Президент Маҳмуд Аббоснинг матбуот котиби Набил Абу Рудейна.
Украинага қанча пул йўналтирилади?
Янги қарорга кўра, Украинадаги можарони ҳал қилиш учун 60,84 миллиард доллар ажратилади. Қурол захираси ва иншоотларини тўлдириш учун 23 миллиард, армияни тайёрлашга ёрдам берадиган жиҳозлар учун 14 миллиард доллар кўрсатилган. 11 миллиард доллардан кўпроқ маблағ АҚШнинг минтақадаги жорий ҳарбий амалиётини молиялаштиришга кетади. Шунингдек, энди Киев ва Вашингтон шу пул ҳисобидан разведка соҳасидаги ҳамкорликни ҳам кучайтиради. 8 миллиард доллар эса ноҳарбий ёрдам сифатида Украина ҳукуматига маош тўлашда кўмаклашади.
– Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинган муҳим ёрдам ҳақидаги қонун лойиҳаси уруш кенгайишига йўл қўймайди, балки минглаб одамлар ҳаётини сақлаб қолади ва ҳар икки халқнинг кучайишига ёрдам беради, – деди Зеленский.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги масъул вакили Мария Захарова АҚШнинг янги ёрдам пакети бутун дунё бўйлаб инқироз чуқурлашишига олиб келишини таъкидлаб, Украина режимига ҳарбий ёрдам террор фаолиятига бевосита боғлиқлигини ҳам қўшимча қилган.
Осиё-Тинч океанига қанча пул ажратилади?
Ҳисоб-китобга кўра, 8,12 миллиард доллар Осиё-Тинч океани минтақасига, жумладан Тайванга йўналтирилади.
Тайвань Миллий Мудофаа вазирлиги қонун лойиҳаси қабул қилингандан кейин Вакиллар палатасига миннатдорлик билдириб, бу амалиёт миллий хавфсизлик, Тайвань бўғозида тинчлик ва барқарорлик таъминланиши учун жанговар тайёргарликни кучайтиришини айтган.
Шу билан бирга ҳужжатда Украинани қайта тиклаш учун Россия Марказий банкининг музлатилган активини мусодара қилиш, Эрон, Россия ва Хитойга қарши санкция киритиш имконини берувчи таклифлар, шунингдек “Тик-Ток” видео иловасининг хитойлик эгаси ўз улушини сотиши зарурлиги ёки АҚШда тақиққа учраши ҳақидаги қоидалар мавжуд.
– Сенатдан ушбу ҳужжат тезроқ Президент столига юборилишини сўрайман, – деган Байден. – Қонун имзоланади, биз Украинага жанг майдонидаги фавқулодда эҳтиёжни қондириш учун зудлик билан қурол ва жиҳоз жўнатамиз.
Сенат муҳокамаси сешанба куни бошланиши кутиляпти.
Сардор Поёнов, ЎзА