Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамкорлигида 18-20 апрель кунлари вазирлик ва идоралар матбуот котиблари учун семинар-тренинглар ташкил этилди.

Охирги пайтларда ахборот маконида турли фейк ва ёлғон ахборотлар сони кўпайиб, фойдаланувчилар орасида аниқ, холис ва ҳаққоний манбага бўлган талаб тобора ошиб бормоқда.

Бундай талабни қондиришда давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари муҳим ўрин тутади.

Ахборотлашган жамиятда миллий контент яратиш, бу жараёнларда давлат органлари ахборот хизматлари имкониятларини тўлиқ ишга солиш, яхши услуб ва инфотехнологиялардан фойдаланиш масаласи биринчи ўринга кўтарилмоқда. XXI асрда ахборот хуружлари энг катта таҳдидлардан бирига айланди. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш миллий хавфсизлик соҳасидаги муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.

Ўқув-семинар доирасида ўтказилган панель сессияларида республикада ва ҳудудлардаги ахборот хизматларининг ўзаро ҳамкорлиги, бу борадаги  мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш йўллари, ташкилот имижини яратиш, жамоатчилик билан алоқаларни ташкил қилишда раҳбар ва ахборот хизмати ҳамкорлиги мавзуларида тақдимотлар, кенг мунозарали суҳбатлар бўлиб ўтмоқда.

Ушбу тадбир доирасида иштирокчилар вақтини мазмунли ўтказиш, улар ўртасидаги дўстона муносабатни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Заковат Куиз” интеллектуал ўйини ташкил қилинди. Унда республикамизнинг ҳар бир ташкилотидан йиғилган матбуот котиблари жамоаларга бўлинган ҳолда билимларини синовдан ўтказди. Тадбир сўнггида ғолиблар диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Тадбирнинг иккинчи куни ҳар бир вазирлик ва идора ахборот хизмати раҳбари томонидан ўз ташкилотининг ҳудудий бошқармалари ахборот хизмати вакиллари учун малакавий ўқувлар, туман ва шаҳар ҳокимликлари матбуот котиблари малакасини ошириш юзасидан семинар ташкил этилди.

Матбуот котиблари ўз чиқишларида ахборот хизматлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш орқали халқаро индикаторларга ижобий таъсир кўрсатиш, доимий мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш, ижтимоий тармоқлар, ОАВ, медиа билан ишлаш механизмларини замонга мувофиқлаштириш масалаларига тўхталди.

Уч кунлик конференция дастуридан Қорақалпоғистон Республикасининг қадимий манзилларига саёҳатлар уюштириш ҳам ўрин олган.

Тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги агентлиги директори А.Хўжаев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг ўринбосари Р.Сапарбаев сўзга чиқди.

 

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири