Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида битирувчи курс талабаларининг ижтимоий шароитини яхшилаш ҳамда бандлигини таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг порлоқ келажагига, уларнинг ҳунар ўрганиб, етук билимли бўлишига эътибор қаратилиб, уларни иш билан таъминлаш борасида яратилган шароитлар ҳақида гапирди.
Ташкил этилган ярмаркада 40 тадан зиёд иш берувчи корхона ва ташкилот вакиллари ўзларидаги бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Иш берувчилар битирувчи босқич талабалари билан суҳбат давомида 87 та меҳнат шартномасини имзолади.
Маълумот ўрнида: жорий ўқув йилида филиални 5 та таълим йўналиши бўйича жами 360 нафар талаба битиради. Албатта, уларнинг ҳар бири катта ҳаётга тўғри йўналтирилиб, иш билан таъминланиши борасида ғамхўрлик кўрсатилиб, бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда.
Тадбир доирасида талабаларга бўш иш ўринларига йўлланмалар, иш берувчилар томонидан уларга тегишли тавсиялар берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири