Қатарда футбол бўйича 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилаётган Осиё кубогининг гуруҳ босқичи иккинчи турида Ўзбекистон терма жамоаси чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
Темур Кападзе шогирдлари «Д» гуруҳида қувайтлик тенгдошларига қарши ўйин ўтказди. Учрашувнинг 32-дақиқасида Муҳаммадқодир Ҳамралиевнинг узатган тўпини Алибек Давронов боши билан ажойиб тарзда рақиб дарвозасига жойлаб қўйди.
Иккинчи бўлимнинг 49-дақиқасида Муҳаммадқодир Ҳамралиев терма жамоамизнинг иккинчи голига муаллифлик қилди. 55-дақиқада Қувайт жамоаси аъзоси жарима зарбасини йўллашдаги хатосини пайқаган Ҳожимат Эркинов тўпни ўзига қабул қилиб олди ва тезкор қайта ҳужум уюштирди.
Ўзи бошлаган ҳужумни Ҳожимат Эркинов голга айлантирди. Диёр Холматов 86-дақиқада пенальтидан, 90+6- дақиқада Ҳусайн Норчаев гол уриб, термамизнинг 5:0 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Шунингдек, гуруҳдаги Малайзия ва Вьетнам термалари баҳсида 0:2 ҳисоби қайд этилди.
Шу тариқа, Ўзбекистон ва Вьетнам терма жамоалари очколарини 6 тага етказиб олган ҳолда муддатидан олдин чорак финалга чиқди. Энди ушбу жамоалар 23 апрель куни гуруҳ ғолиблиги учун майдонга тушади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА