Ғарбий Африкада жойлашган давлат – Тогонинг бир палатали парламенти иккинчи ўқишда мамлакатда президентлик ўрнига парламент шаклини жорий қилувчи янги конституцияни бир овоздан қабул қилди. Бу ҳақда “Africanews” хабар берди.

Президентнинг энди умумий, тўғридан-тўғри сайлов орқали эмас, балки парламент аъзолари томонидан сайланади. Президентлик мандати тўрт йил амал қилади, давлат раҳбари бир марта қайта сайланиш имконига эга. Вазирлар Кенгашининг кенгайтирилган ваколатли Раиси лавозими ҳам ташкил этилди. Янги конституцияга кўра, парламентда кўпчилик партия раҳбари Вазирлар Кенгаши раиси бўлади.

Март ойида депутатлар янги қомус учун овоз беришди, бироқ Того Президенти Фауре Гнассингбе мухолифат норозилигидан кейин матнни қайта ўқиш учун парламентга қайтарди. Мухолифат таъкидлашича, ҳукмрон партия ташаббуси билан қабул қилинган конституция Гнассингбега кейинги ўн йил давомида олий ҳокимиятни сақлаб қолиш имконини беради.

Тогода умумий сайлов 29 апрель куни бўлиб ўтади. Амалдаги Президентнинг ваколати 2025 йил тугайди.