Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида Европага интеграция тарафдорлари намойишга чиқишди, деб ёзди “Тренд” ахборот агентлиги. Мамлакат парламенти 17 апрель куни биринчи ўқишдаёқ маъқуллаган “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги мунозарали қонун лойиҳасига юзлаб ёшлар норозилик билдирган.

Қайд этилишича, полиция ходимлари йиғилганларга қаршилик кўрсатган. Намойишчилар полиция билан тўқнашган, кўпчилик ҳибсга олинган.

Митинг муносабати билан парламент биносига полиция кучлари жалб қилинган.

Мазкур қонун лойиҳаси Россиянинг “Чет эл агентлари” тўғрисидаги меъёрий ҳужжат билан солиштирилмоқда. Брюссель таъкидлашича, матн “Европа Иттифоқи асосий меъёри ва қадриятига мос келмайди”, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти эркинлигини чеклаш хавфини юзага келтиради ва агар қонун қабул қилинса, Европа Иттифоқи сари йўл хавф остида қолиши мумкин. Президент Саломе Зурабишвили парламент томонидан учинчи ўқишда қабул қилинса, баҳсли қонунга вето қўйишини айтди.

16 апрелдан бери Гуржистонда намойиш давом этмоқда – ўша куни Тбилисидаги парламент биноси яқинида 15 мингга яқин одам тўпланган, полиция одамларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Гуржистон ички ишлар вазири Вахтанг Гомелаури баёнотида 16-17 апрель кунлари полиция пойтахтда 40 намойишчи қўлга олингани келтирилган. Тўқнашув чоғида бир неча полициячи яраланган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир.