Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идораларда ҳаммом-кирхона хизматларини аутсоринг шартлари асосида кўрсатишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматида ходимлар сони ва харажатларни мақбуллаштириш ҳамда ташиш ва етказиб бериш сифатини яхшилаш имконини берадиган аутсорсинг шартлари асосида ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш жорий этилади.
Кўрсатилган хизматлар таннархи аутсорсернинг барча харажатларини, шу жумладан, ходимларнинг иш ҳақи, солиқлар, транспорт харажатлари, коммунал хизматлар учун тўловлар ва бошқаларни ўз ичига олган ҳолда 20 фоизгача устама қўшиб ҳисобланади. Бунда ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларда ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш нархлари тегишли ҳудуддаги мавжуд нархлардан оширилмаслиги лозим бўлади.
Дала шароитларида ва фавқулодда вазиятларда транспорт харажатлари аутсорсерларга ҳаммом-кирхона хизмати қийматининг 2 фоизи миқдорида қопланади.
Ҳаммом-кирхона хизматини кўрсатиш нархлари ўзгарган тақдирда, аутсорсерларни танлаб олиш баённомасига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идораларда ҳаммом-кирхона хизматларини аутсорсинг шартлари асосида кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
Қуролли Кучлар таркибига кирадиган вазирлик ва идораларда фаолият кўрсатувчи аутсорсерлар ва уларнинг ходимларига қўйиладиган талаблар;
аутсорсинг тизимида нархларни шакллантириш ва шартномаларни тузиш ҳамда аутсорсинг шартларида шахсий таркибга ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш тартиби;
ҳаммом-кирхона хизматлари кўрсатилишини назорат қилиш тартиби;
аутсорсерларга вақтинча фойдаланиш учун берилган объектлар ва моддий-техника воситаларидан фойдаланиш тартиби белгилаб берилган.
ЎзА