“Livehindustan” нашри Ҳиндистонда парламент сайлови бошланганини маълум қилди. 1 июнда якунланадиган, дунёдаги энг узоқ вақт давом этадиган сиёсий тадбир ҳисобланган ушбу сайловда бир миллиардга яқин фуқаро овоз бериши кутиляпти.

Парламент сайловида амалдаги ҳукмрон “Бҳаратия жаната парти” ва асосий мухолиф сиёсий куч – “Ҳиндистон миллий конгресси” партияси аъзолари ўртасида қизғин кураш кечади.

Ҳиндистон парламент демократияси жорий қилинган ва аҳолиси энг кўп мамлакат экани маълум. Парламентнинг қуйи палатаси – 543 ўринли Лок Сабҳанинг амалдаги фаолияти муддати 16 июнь куни тугайди. Шу кунгача янги таркиб шакллантирилиши ва ҳукуматга кейинги 5 йил раҳбарлик қиладиган Бош вазир номи эълон қилиниши керак.

28 штат ва 8 иттифоқ ҳудудида овоз бериш жараёни бир неча босқичда ўтади, овоз санаш 4 июнь куни якунланади. Жами 968 миллион нафарга яқин сайловчи рўйхатга олинган.

Тадбир арафасида ўтказилган сўров амалдаги Бош вазир Нарендра Моди партиясида ғолиблик учун имконият кўплигини башорат қилмоқда. Бинобарин, асосий рақобатчи партия етакчилигидаги ҳамда 28 умуммиллий ва ҳудудий партияларни бирлаштирган I.N.D.I.A. (Indian National Developmental Inclusive Alliance) мухолиф альянси аъзолари ҳам ўз сўзини айтишга аҳд қилган.