Президентимизнинг жорий йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси туманларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Тўрткўл тумани 2-сектор ҳудудидаги “Яхтилик” маҳалла фуқаролар йиғинида қарор ижросини амалга ошириш мақсадида амалий семинар бўлиб ўтди.

Унда туман прокурори, туман ички ишлар бўлими бошлиғи, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раҳбарлари қишлоқ хўжалигидаги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат экинлари етиштиришни кўпайтириш, аҳоли, шу жумладан, ёшлар бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш мақсадида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар хусусида сўз борди.

Тадбирда ер майдонини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари “Е-аукцион” электрон савдо платформаси орқали туман прокуратураси томонидан оталиққа олинган ҳамда “Маҳалла еттилиги”нинг тавсияси билан шакллантирилган рўйхатга киритилган 78 нафар ёшга жами 25 гектар ер майдони фойдаланишга топширилди ҳамда ушбу ерларда экиш ишлари бошланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.