Қатар яшил майдонлари 23 ёшгача бўлганлар футболчилар ўртасидаги Осиё кубогида иккинчи тур учрашувлари ўтказилмоқдаю

Кубокнинг «А» гуруҳида мезбон жамоа Қатар иккинчи тур доирасида Иордания олимпия терма жамоасини 2:1 ҳисобида енгди ва 6 очко тўплаган ҳолда муддатидан аввал чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Шунингдек, гуруҳда Индонезия терма жамоаси кутилмаганда Австралияни 1:0 ҳисобида енгиб очколар сонини 3 тага етказиб олди.

Шу тариқа, ушбу гуруҳда Қатар 6 очко тўплаган ҳолда биринчи, Индонезия эса 3 очко билан иккинчи поғонани эгаллади. Иордания ва Австралия ҳисобида 1 очко мавжуд бўлиб, жадвалда 3-4 ўринларни эгаллаб келмоқда.

Бугун, 19 апрель куни мусобақа иккинчи тур доирасида «Б» ва «С» гуруҳларида ўйинлар ўтказилади. Аниқроғи, «Б» гуруҳида Хитой – Жанубий Корея, БАА – Япония, «С» гуруҳида Таиланд Саудия Арабистони, Тожикистон – Ироқ олимпия терма жамоалари ўзаро рақобатлашади.

Эслатиб ўтамиз, эртага 20 апрель куни Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Қувайт термасига қарши майдонга тушади.

***

Бугун, Ўзбекистон кубогининг 2-тур ўйинларига старт берилади. Унда Тошкентнинг «Пахтакор» клуби ўз майдонида «Қўқон-1912» жамоасини қабул қилади.

Мазкур учрашувдан аввал, икки жамоанинг ўзаро ўйинларига бир назар ташласак. Унга кўра, «Пахтакор» мамлакат кубогида «Қўқон-1912» билан 4 та ўйинда ўзаро тўқнаш келган ва ушбу ўйинларнинг биттасида дуранг қайд этилган бўлса, қолган барча ўйин пойтахт клуби ғалабаси билан якунланган. Шунингдек, жамоалар Лига кубогида ҳам рақобатлашган ҳамда «шерлар» 4:2, 0:4 ҳисобида зафар қучган.

«Пахтакор» ва «Қўқон-1912» жамоалари ўртасидаги беллашув соат 16:30 да «Пахтакор» стадионида бошланади.

Шунингдек, кубок баҳсларида бугун «Сирдарё ФА» – «Нефтчи», «Дўстлик Тошкент» – «Металлург», «Сўғдиёна» – «Жиззах ПФК» клублар ўртасида ўйин ташкил этилади.

***

Россия Премьер-лигасининг 24-турида энг яхши ўйин кўрсатган 21 ёшгача бўлган футболчилар рейтинги эълон қилинди. Экспертлар беллашувларда ҳар томонлама иқтидорини намойиш қила олган беш нафар истеъдод эгасини танлади.

Унга кўра, Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоаси аъзоси, «ЦСКА» клуби футболчиси Аббосбек Файзуллаев биринчи ўрин соҳиби сифатида эътироф этилди.

Шунингдек, ушбу рейтингдан Данила Козлов (19 ёш, «Балтика»), Алекс Фернандес (21 ёш, «Балтика»), Кирилл Кравсов (21 ёш, «Сочи») ва Ярослав Михайлав (20 ёш, «Оренбург») каби футболчилар ўрин олди.

***

Эрон чемпионати 24-туридан ўрин олган «Персеполис» — «Санат Нафт» баҳси бўлиб ўтди. Учрашув теҳронликларнинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Эътиборлиси, баҳсда легионеримиз Остон Ўрунов 77 дақиқа ҳаракат қилди. Шу тариқа «Персеполис» 3 очкони қўлга киритган ҳолда чемпионатда «Истиқлол»дан битта кўп ўйин ўтказган ҳолда 52 очко билан турнир жадвалида етакчига айланди.

***

Европа лигасида чорак финал ўйинлари ўз ниҳоясига етди ва «Марсел», «Рома», «Аталанта» ва «Баер» клублари ярим финалган йўл олди.

Маълумот учун, 1/2 финал учрашувлари 3 ва 10 май кунлари бўлиб ўтади. Унда «Марсел» — «Аталанта» ва «Рома» — «Баер» жуфтликлари ўзаро рақобатлашади.

***

Конференциялар лигасида ҳам ярим финал жуфтликлар аниқланди. Мазкур турнинг финал йўлланмаси учун ўтадиган ўйинларда «Фиорентина» — «Бюргге», «Астон Вилла» — «Олимпиакос» клублари майдонга тушади. Бу баҳслар 3 ва 10 май куни ташкил этилиши режалаштирилган.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА