Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган бир қатор фармон ҳамда қарорларга мувофиқ давлат гранти бўйича ижобий ишлар олиб борилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг 2024 йил 12 январдаги қарори билан фонд томонидан давлат гранти учун 1-танлов эълон қилинган эди. Унга келиб тушган лойиҳалар жамоат комиссиясининг мажлисларида кўриб чиқилди ва ғолиблар аниқланди.

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.

Комиссия аъзоларининг қарорига кўра, “Коррупцияга қарши курашишнинг замонавий услубларидан фойдаланиш орқали унинг олдини олишга кўмаклашиш” йўналиши бўйича “Жайҳун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти,  “Таъмагирлик – давр дарди”, “Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ва соғлом турмуш тарзини жорий этиш” йўналиши бўйича “Даун синдроми” ва “Аутизм” ташхиси мавжуд ногиронларни қўллаб-қувватлаш “ДАУТ” Қорақалпоғистон маркази, “Биргаликда эплаймиз”, “Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш” йўналиши бўйича Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон Республикаси  ҳудудий бўлими, “Тадбиркор бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади”, “Мамлакатимизда спортни ривожлантириш орқали спортчиларнинг халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиши учун имкониятлар яратиш” йўналишида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, “Париж-2024: Олимпиада ўйинларига бир қадам” миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш йўналиши бўйича “Қорақалпоғистон маданияти” газетаси таҳририятининг “Ретро ҳунар”  лойиҳалари ғолиб деб топилди.

– “Тадбиркор бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади” лойиҳамиз ғолиб бўлганидан мамнунмиз, – дейди Фуқаролик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими координатори Нуратдин Абипов. – Лойиҳанинг мақсади ёшлар ва хотин-қизларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш ва оиладаги ижтимоий муаммоларнинг ечим топишига кўмаклашишдан иборат. Шу мақсадда Қонликўл ва Шуманай туманларидан 30 нафар ёш ва хотин-қиз бизнес ташаббусларга ўқитилади ва уларнинг қобилиятига қараб ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишга ёрдам берилади.

Тадбир якунида ғолибларга сертификатлар топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири