Ўзбекистонда халқаро ҳамкорликнинг суд экспертизани такомиллаштириш ва ривожлантиришдаги ўрнига бағишланган конференция бўлиб ўтмоқда.

Конференцияда Адлия вазири Акбар Тошқулов кибержиноятчилик замон ва макон танламаслиги, ҳеч бир давлат фуқароси ундан тўлиқ ҳимояланмаганини алоҳида таъкидлади. Мазкур масалага ижобий ечим топиш мақсадида бир қатор таклифларни ўртага ташлади.

Хусусан, рақамли далиллар билан ишлаш ва кибер жиноятларни аниқлашга доир ҳамкорликни янада кенгайтириш лозим. Ушбу соҳада фаолият юритувчи эксперт ва мутахассисларни соҳа ривожланган мамлакатларда тизимли малака оширишини таъминлаш даркор. Яратилаётган янги технология ва услубиётлар билан мамлакатларимиз экспертиза муассасаларини доимий равишда таъминлаб бориш мақсадга мувофиқ.

Вазир соҳани янада ривожлантириш мақсадида Суд экспертлари соҳадаги янгиликлардан хабардор қилувчи маълумотлар базаларини янада ривожлантириш лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистонда бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида суд экспертиза тизими тезкорлик билан ривожланиб бораётгани мазкур ислоҳотларни амалга оширишда халқаро ҳамкорликнинг алоҳида ўрни борлигини айтиб ўтди.

Дарҳақиқат, мазкур халқаро конференциянинг асосий мақсади ҳам суд-экспертиза соҳасининг замонавий ҳолати ва муаммоларини таҳлил қилиш, хорижий суд экспертиза муассасаларида мавжуд илғор тажрибаларини мамлакатларимизда татбиқ этиш ҳамда уни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш учун муҳокама майдонини яратиш ҳисобланади.

Конференция доирасида адлия  вазири А.Тошқулов Суд экспертиза халқаро ассоциацияси (IAFS) президенти, Болгариядаги  Габрово суд экспертизаси ташкилоти раҳбари, профессор Янко Колев, Осиё суд экспертиза  тармоғи (AFSN) вице-президенти, Малайзия Фан,  технология ва инновaциялар вазирлиги қошидаги Кимё  департаменти раҳбари Ҳалимаҳ бинти Абдул Раҳим хоним ҳамда Туркия Адлия  вазирлиги ҳузуридаги Суд тиббиёт институти президенти Хизир Аслиюксеклар билан икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.

Учрашувлар давомида хорижий ҳамкорлар томонидан мамлакатимизда суд экспертиза  соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар эътироф этилиб, мазкур соҳани  янада  ривожлантиришда ҳамкорликка тайёрлиги  маълум қилинди.

Мазкур учрашувлар давомида  Республика суд экспертиза  маркази суд экспертларини  халқаро стажировкаларини ташкил этиш, хорижий экспертлар билан  ҳамкорликда тадқиқотлар олиб  борилишини йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.

Шунингдек, соҳада янги услубиётларни ишлаб чиқиш  ҳамда  мавжудларини янгилаш, замонавий  технологияларни жорий этиш  масалалари муҳокама қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА