Куни кеча футбол бўйича Европа қитъасида қизиқарли учрашувлар ўтказилди. Мухлислар ўйин сўнгига қадар катта ҳаяжон ва турли умидлар билан баҳсларни кузатди.
Мюнхен шаҳрининг «Бавария» клуби ўз майдонида Киммихнинг ягона голи эвазига «Арсенал»дан устун келди ва икки ўйин натижасига кўра 3:2 ҳисобини қайд этган «Бавария» ярим финалга йўл олди.
Чемпионлар лигаси чорак финалидаги кескин ва муросасиз баҳс «Манчестер Сити» – «Реал» ўртасида ўтди. Учрашувда дастлаб, Родриго 12-дақиқада ҳисобни очган бўлса, 76-дақиқада Де Брюйне имкониятларни тенглаштириб қўйди. Ўйин давомида «Манчестер Сити» клуби бироз устунлик намойиш этди ва 120 дақиқа давом этган ўйинда ғолиб аниқланмади. Сабаби, Мадрид шаҳрида ўтган илк ўйин ҳам 3:3 ҳисобида якунланган бўлиб, ҳар икки учрашув натижасига кўра ҳисоб 4:4 бўлиб қолди ва жамоалар ғолибни аниқлаш мақсадида пенальтилар сериясига мурожаат қилди. Футбол лотереясида «Реал» 4:3 ҳисобида зафар қучди ҳамда ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Мадрид жамоаси ўз тарихида биринчи маротаба «Манчестер Сити» майдонидан ғалаба билан қайтди. Умуман олганда, ўйин бўйича бу ишни уддалай олишмади. Бунгача «Реал» вакиллари «Манчестер Сити» мухлислари кўз ўнгида уч маротаба мағлуб бўлган ва икки марта дуранг ўйнаган эди. Лекин нима бўлганда ҳам сўнгги натижа «Реал» учун барча мағлубият ва дуранг ўйинлар аламини эсдан чиқариб юборди.
Шу тариқа, мусобақанинг чорак финал босқичи якунланди. Мазкур натижалардан кейин Англия футбол клубларининг барчаси мусобақа билан хайрлашди. Энди эса Германиянинг икки клуби, Франция ва Испаниядан эса биттадан жамоа бош соврин учун кураш олиб боради.
Чемпионлар лигасининг ярим финалида «Бавария» – «Реал», «Боруссия Дортмунд» – «ПСЖ» билан куч синашади. Ушбу баҳслар 30 апрелдан 1 майга ўтар кечаси ташкил этилади. Жавоб ўйинлари эса 7 май кунига белгиланган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА