Президент Эрдоған “Путиннинг Туркияга ташрифи келишилган”, деб баёнот берганига қарамай, банк амалиёти билан боғлиқ муаммо ҳал этилмас экан, РФ етакчиси Анқарага бормайди, Кремль ҳозирча бу масалани кўриб чиқаётгани йўқ.
Октагон янгиликлар канали дипломатик манбаларга таяниб шундай ёзган. Таъкидланишича, Путин ташрифи бир шарт билан боғлиқ: Туркия ҳукумати ўзаро банк амалиёти бўйича тутган йўлини ўзгартириши керак.
***
Хитойнинг яна тўрт йирик банки РФ томонидан юань билан амалга ошириладиган тўловларни қабул қилишни тўхтатди, деб ёзди “Известия” газетаси. Тахминан 80 фоиз тўлов қайтариб юборилмоқда.
– Мазкур янги чеклов иккиламчи санкцияга тушиб қолиш хавфи сабаб қўлланмоқда, – дейилган мақолада. – РФ билан дўст бўлишига қарамай, ХХР банклари ғарб дунёси билан қарма-қаршиликка боришга тайёр эмас.
***
Сув тошқинидан кейин Қозоғистон қурғоқчилик муаммосига дуч келиши мумкин.
– Қозоғистонда юз берган тошқин бу йилги ҳосилга салбий таъсир кўрсатади, чунки сув тупроқнинг унумдор қатламини ювиб кетди, – дейишяпти экспертлар. – Хавотирга солаётган ҳолат шуки, келаётган ёзда қурғоқчилик юз бериши мумкин. Одатда баҳор селга бой келса, ёзда сув бўлмайди.
***
Украина АҚШдан Россия билан зиддиятда тарафини олиб урушга киришни сўрагани йўқ, бу ерда масала фақат хавфсизлик учун ёрдам беришда, деди Пентагон раҳбари Ллойд Остин Конгресснинг бюджет бўйича мажлисида сўзга чиқиб.
***
Американинг “Google” корпорацияси Исроил ҳукумати ва Қуролли кучлари билан ҳамкорликка қарши компания офисида 10 соатлик иш ташлаш эълон қилган 28 нафар ходимини ишдан бўшатди, деб ёзди “New York Post” газетаси компания тақдим этган маълумотга таяниб.
Ахборотда таъкидланишича, акция иштирокчилари корхонадан Исроилга чегарасиз ҳисоб-китоб ва сунъий интеллект хизмати кўрсатилиши назарда тутилган, қиймати 1,2 миллиард долларлик “Нимбус лойиҳаси” бўйича тузилган шартнома бекор қилинишини талаб қилган.
***
Европа Иттифоқи етакчилари Брюсселда бўлиб ўтган саммитда Эронга нисбатан чеклов чорасини кучайтирилишига келишилганини маълум қилди.
Учрашув якунида эълон қилинган ҳужжатда кўрсатилишича, ЕИ ЭИРга қарши қўлламоқчи бўлган санкцияга учувчисиз учоқ ва ракеталар киради.
Аввалроқ Европарламент раҳбари Роберт Мецола етакчиларни Эроннинг ракета ва дронлар дастурига қарши санкцияни кучайтиришга чақирганди.
***
Ҳозир АҚШ томонидан Украинага кўрсатилаётган молиявий ёрдам ҳар қачонгидан муҳим, чунки тўғридан-тўғри уруш майдонидаги вазият билан боғлиқ, деди молия вазири Жанет Йеллен.
У чоршанба куни Бош вазир Денис Шмигаль ва молия вазири Сергей Марченко билан музокара ўтказиб, Киевнинг эҳтиёжи масаласини муҳокама қилган.
***
Душанба куни Мексика пойтахтида ҳарорат 34,2 даражага кўтарилиб, энг юқори кўрсаткич қайд этилди. Миллий метеорология хизмати маълумотига кўра, бу янги ойлик ва йиллик рекорд ҳисобланади. 1998 йил ҳарорат 33,9 даражага чиққан.
***
Буюк Британия парламенти 17 апрель куни 2009 йилдан кейин туғилган ёшларга тамаки маҳсулотлари сотиш тақиқланишини қўллаб-қувватлади. Ушбу ташаббусни Бош вазир Риши Сунак илгари сурган. Тамаки тўғрисидаги қонун лойиҳасини 383 депутат маъқуллади, 67 киши рад этди.
Энди 15 ёшга тўлмаганлар тамаки маҳсулотларини харид қилолмайди. Шу йўл билан Қироллик кашандаликдан холи авлодни вояга етказмоқчи.
***
Марокаш қишлоқ хўжалиги вазири Муҳаммад Содиқий фикрча, бу йилги кучли қурғоқчилик туфайли мамлакат экин майдонининг 20 фоизини йўқотиши мумкин. бу ҳақда “Анадолу” агентлиги ёзди.
Мулозим таъкидлашича, бу йил қишлоқ хўжалиги экин майдони 2023 йилга нисбатан жами 31 фоиз қисқаради. Ушбу соҳа мамлакат ялпи ички маҳсулоти асосини ташкил этади.
С.Раҳимов, ЎзА