Озарбайжон етакчиси ёрдамчиси, Президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Ҳикмат Ҳожиев маълум қилишича, Россия тинчликпарвар кучларини Қорабоғ ҳудудидан муддатидан олдин олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги қарор икки давлат олий раҳбарияти томонидан қабул қилинган.
Чоршанба куни эрталаб РФ раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан суҳбатда Россия тинчликпарвар кучлари Қорабоғдан олиб чиқила бошланганини тасдиқлаганди.
– Икки давлат олий раҳбарияти 2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама баёнот асосида бу ерда вақтинча жойлаштирилган Россия чекланган тинчликпарвар кучларини Озарбайжон ҳудудидан муддатидан олдин олиб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилди, – деди мулозим АзерТАЖга берган интервьюсида. – Мудофаа вазирликлари мазкур келишувни амалга ошириш учун тегишли чора кўрмоқда.
Бундан 35 йил аввал Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибидан бир томонлама ажралиб чиқишини эълон қилган эди. Собиқ совет иттифоқи парчаланиши асносида авж олган қуролли можаро (1992-1994 йиллар)дан кейин минтақа арманлар яшайдиган тан олинмаган республика сифатида мавжуд бўлиб турди. 2020 йил сентябрда Қорабоғда яна уруш бошланди. Орадан 44 кун ўтиб – 10 ноябрга ўтар кечаси Москва воситачилигида томонлар ўт очишни тўхтатишга келишди. Минтақада Россия тинчликпарвар кучлари жойлашгач, иккинчи урушдан деярли уч йил ўтиб, 2023 йил 19 сентябрда Боку бир кунлик ҳарбий амалиёт амалга оширди. Шундан кейин Президент Илҳом Алиев мамлакат ҳудудий яхлитлиги тикланганини эълон қилди ва минтақа расмийлари 2024 йил 1 январдан бошлаб тан олинмаган республика “ўзини-ўзи тарқатиб юбориши”ни эълон қилди. 24 сентябрдан ой охиригача 100 мингдан ортиқ маҳаллий арман Қорабоғни тарк этди.
2022 йил Ереван ва Боку Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқи воситачилигида бўлажак тинчлик шартномасини муҳокама қила бошлаган. Ўтган йил май ойи охирида Бош вазир Никол Пашинян Арманистон Озарбайжоннинг аввалги чегара асосида, яъни Қорабоғ билан биргаликдаги суверенитетини тан олишга тайёрлигини билдирди. Афсуски, томонлар ҳамон тинчлик шартномасини имзолаш масаласини узил-кесил ҳал қилгани йўқ, музокара давом этмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА