Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи – UNA-OIC “Спутник” ахборот агентлиги билан ҳамкорликда 22 апрель куни “Сунъий интеллект видео тасвирга олиш йўналишида қандай бурилиш ясайди?” мавзусида виртуал ўқув курси ташкил этади.
ИҲТга аъзо давлатлар журналистлари учун ўтказиладиган тадбирда сунъий интеллектнинг видео маҳсулот тайёрлаш жараёнини ўзгартирувчи таъсир имконияти, визуал контент яратишдаги кучи ва заиф томони ўрганилади. Шунингдек, журналистлар фаолияти самарадорлигини ошириш, сунъий идрокка асосланган тасвир ёки овоз синтези техникаси (deepfake) хатари, жараённинг медиа дезинформациясига таъсири билан боғлиқ жиҳатларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш имконияти муҳокама қилинади.
UNA-OIC масъуллари аниқлик киритишича, мазкур курс медиа маконида сунъий идрок билан боғлиқ технология ўзгаришидан хабардорликни оширишга қаратилган ҳамкорликдаги саъй-ҳаракат самарадорлигини, айни жараёндаги умумий йўналишларни белгилаб беради.
М.Пирматова, ЎзА