Бангладеш давлатининг мамлакатимиздаги элчихонаси ташаббуси билан “Биринчи Байсак” (Pahela Boishakh) номи билан машхур бенгал тақвими бўйича Янги йил нишонланди. Байрамга Тошкентдаги элчи ва дипломатлар, ҳукуматимиз вакиллари, бизнес, академик доира, туризм, маданият ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек Тошкентда истиқомат қилаётган Бангладеш диаспораси вакиллари ташриф буюрди.

Бангладешнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Доктор Муҳаммад Монирул Ислом меҳмонларни анъанавий бенгал тилида қутлаб, “Паҳела Бошак” йирик фестиваль, мамлакат маданий меросининг ажралмас қисми эканини таъкидлади.

– Мазкур анжуман Бангладешнинг дунёвий синкретик ва инклюзив маданиятини акс эттиради, – деди у. – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Таълим фан ва маданият ташкилоти (UNESCО) “Мўғул Шоважатраси”ни интенсив маданий мерос намунаси сифатида тан олди. Шу боис, энди “Паҳела Бойшак” фақат бенгал халқига дахлдор сана эмас, балки глобал байрамга айланди.

Анъанага кўра, шу куни махсус таомлар тайёрланиб, мусиқа янгради, меҳмонлар “Мўғул Шоважатраси” рамзий кортежи билан кутиб олинди.

Тадбирда Бангладеш – Ўзбекистон муносабатини янада мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракат изчил давом эттирилаётгани таъкидланиб, икки халқ муштараклиги, айниқса маданият, санъат соҳаларидаги алоқалар жадал ривожланаётгани қайд этилди.

– Ўзаро муносабатимизга янги суръат, жўшқинлик руҳи қўшилмоқда, – деди элчи. – Давлатларимиз барқарор иқтисодий ўсиш суръатини намоён этмоқда, мақсадларимиз уйғун, ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кенг имконият мавжуд.

Унинг сўзларига кўра, “Паҳела Бойшак” ўзаро меҳр, ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни, инсониятнинг дўстлик, бирдамлик билан боғлиқ хусусиятини тарғиб қилади. Бу уруш, зўравонлик, нафрат, қувғин, зулм каби муаммолар урчиётган замонда жуда долзарб ва аҳамиятли.

Муҳаррама Пирматова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат),

ЎзА