ФОТОРЕПОРТАЖ

Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан “Ўзгариш давридаги энергетика – келажак турткиси” интерактив сайёр кўргазмаси очилди.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳридаги Аджу университетида ташкил этилган маросимда Германиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги мутасаддилари, университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда барқарор энергия тизимини ривожлантириш, энергетика трансформацияси, жаҳонда ҳамда мамлакатимизда “яшил” энергетикага ўтиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида сўз юритилди.

“Яшил” энергетика – қазилма ёқилғи сарфисиз, атмосферага CО ва CО2 газлари чиқармайдиган ва натижада атроф-муҳит экологиясига зиён етказмаган ҳолда энергия таъминотини амалга оширадиган тузилмадир. Бунда истеъмол талаби имкон қадар қайта тикланувчи энергия манбалари – қуёш ва шамол энергетикаси ҳамда бошқа муқобил энергия манбалари эвазига қопланиши мақсад қилинган.

Таъкидланганидек, Ўзбекистонда “яшил” энергетика бўйича улкан салоҳият мавжуд. Юртимизда муқобил энергетикани ривожлантириш борасида эса Германия давлати билан ҳамкорликда қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Чунончи, “яшил” энергетика концепциясини амалиётга жорий этишда Германия жаҳонда етакчи давлатлардан ҳисобланади.

Бугун очилган интерактив сайёр кўргазма яқин келажакда бутун дунё бўйлаб амалга оширилиши кутилаётган барқарор ва “яшил” энергия ечимларини тақдим этиши билан муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, кўргазма энергетика соҳасидаги глобал ўтиш жараёнининг аҳамияти ва жамиятга таъсири ҳақида кишиларга кенг тушунча беради.

Кўргазма материалларида “яшил” энергия манбалари ва энергияни сақлашга қаратилган илғор тадқиқотлардан тортиб, бу борада ҳар бир қитъада, ҳар бир мамлакатда мавжуд имконият ва масала ечими акс эттирилган.

Хавфсиз, қулай, кафолатланган ва барқарор энергия таъминоти масаласи бугуннинг устувор мавзуларидан экан, бундай кўргазмаларнинг ташкил этилиши, мақсадга мувофиқ.

Интерактив кўргазма 8 майга қадар давом этади.

Камола ЮСУПОВА, Рустам НАЗАРМАТОВ (сурат), ЎзА