Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

“Тurkmenistaninfo” нашри Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва ушбу қардош давлат Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов учрашувиини ёритди.

Мақола муаллифи Тошкент шаҳрида икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашув бўлиб ўтганига, тадбир чоғида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи, жумладан аввал эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек сиёсий муносабатни кенгайтириш ва амалий жиҳатдан бойитиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинганига урғу берган.

Туркманистон – Ўзбекистон муносабатини узлуксиз ривожлантиришда парламент дипломатиясининг муҳим ўрни эътироф этилиб, анъанавий парламент алоқаларини янада фаоллаштириш бўйича умумий фикр алмашилгани таъкидланган.

Томонлар халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хусусан БМТ ва тузилманинг таъсис органлари доирасидаги ҳамкорликнинг ижобий тажрибасини ифодалаб, минтақа ва жаҳонда барқарорлик, иқтисодий тараққиёт ва хавфсизликни таъминлашнинг самарали кўп томонлама усулларини излашга ўзаро интилишни тасдиқлаган.

Ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, шерикликда фаолият юритиш учун кенг имконият мавжудлиги эътироф қилинган. Айниқса, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг аҳамияти қайд этилган. Транспорт-логистика, энергетика, кимё ва саноат тармоқлари ҳамда ахборот хавфсизлиги соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Маданий-гуманитар соҳадаги қамкорлик ҳолати алоҳида муҳокама қилинган. Шарқнинг буюк шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан Туркманистон ва Ўзбекистон Республикасида қўшма тадбирлар ўтказилиши таъкидланган.

Муҳаррама Пирматова,

ЎзА